Нурафшон–Янгиер темир йўли қурилиши бошланди

Bugun 18:152 daqiqa

Тошкент вилоятида узунлиги 110 километр бўлган янги электрлаштирилган темир йўл тармоғи қурилишига старт берилди.

Нурафшон–Янгиер темир йўли қурилиши бошланди © Foto: t.me/uzrailways_uz

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Бекобод туманларида «Нурафшон – Пискент – Бўка – Бекобод – Боёвут – Янгиер» йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғи қурилиши бошланишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев, соҳа мутахассислари ва нуронийлар иштирок этди. Бекобод томонидан эса туман ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов ҳамда фаоллар видеомулоқот орқали қатнашди.

Расмийлар таъкидлашича, мазкур темир йўл тармоғи вилоят иқтисодиёти ривожига янги суръат бағишлайди. Шунингдек, лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлаш, транспорт-логистика хизматларини кенгайтириш ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Лойиҳада режалаштирилган ишлар

Лойиҳа доирасида 4 та темир йўл бекати, 21 та йўл ўтказгич, 6 та кўприк ва 1 та ним тортиш станцияси қурилиши режалаштирилган. Қурилиш ишларида халқаро инфратузилма лойиҳаларида қўлланилаётган замонавий технология ва илғор тажрибалардан фойдаланилиши айтилди.

Мутасаддиларга кўра, янги темир йўл автомобил ва темир йўл кесишмаларисиз лойиҳалаштирилган. Шу билан бирга, йўналиш аҳоли яшаш ҳудудларини четлаб ўтади ва атроф-муҳитга таъсирни минималлаштириш чоралари инобатга олинган.

Тадбир якунида рамзий қозиқ қоқиш маросими ўтказилди. Қурилиш ишлари бир вақтнинг ўзида Нурафшондан Бекободга ҳамда Бекободдан Нурафшон томон бошлангани маълум қилинди.

Аввалроқ Байтқўрғон-Паркент электрлаштирилган темир йўли тармоғининг қурилиш ишлари якунланган эди. Тошкент вилоятининг Паркент туманида узунлиги 23,8 км бўлган мазкур бир излик темир йўл линиясининг қурилиши 2025-йил бошида бошланган.

Лойиҳа доирасида кўприклар, туннел ва инфратузилма объектлари барпо этилди. Темир йўлда кунига 275 минг нафаргача йўловчи ташиш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid