ОКМКда сунъий интеллект 12,6 миллиард сўм тежашга ёрдам берди
ОКМК мутахассислари яратган EM AI тизими техникалар бузилишини олдиндан аниқламоқда. Сунъий интеллект ёрдамида комбинат 12,6 млрд сўм иқтисодий самарага эришди.

Бугун сунъий интеллект барча соҳаларга жадаллик билан кириб бормоқда. Айниқса, саноат корхоналарида сунъий интеллект технологияларининг қўлланилиши юқори самарадорликни таъминлаб, қатор қулайликлар яратмоқда. Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Комбинат мутахассислари томонидан яратилган «EM AI (Lab)», «EM AI (Tyre)» ва «EM AI (Oil)» дастурлари ҳозирда технологик жараёнларига муваффақиятли татбиқ этилмоқда.
Мазкур янги авлод интеллектуал тизими транспорт техника воситаларига хизмат кўрсатишда анъанавий ёндашувдан башоратли бошқарув моделига ўтишни таъминлайди. Бугунги кунда бу дастурлар, техниканинг интеллектуал диагностикаси, бузилишларни башоратли таҳлил қилиш ва прогнозлаш, лаборатория жараёнларини рақамлаштириш, техника ва агрегатларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш, маълумотлар асосида ресурсларни бошқариш (мойлар, шиналар, узеллар) имконини беради.
Шунингдек, реал вақт режимида онлайн мониторинг, ускуналарнинг рақамли эгизакларини шакллантириш, техниканинг ҳаётий циклини бошқариш, эҳтиёт қисмлар, узеллар ва агрегатларни бошқариш имкониятларини тақдим этади.
Натижада шундай тизим шаклланмоқдаки, унда техника тўлиқ шаффоф, бошқариладиган ва башорат қилинадиган бўлади.
EM AI (Lab) тизими - лаборатория ва операцион маълумотларни ягона рақамли муҳитга бирлаштирувчи ақлли платформа ҳисобланади. Ҳозирги вақтда EM AI (Lab) тизимини фаол жорий этиш ишлари олиб борилмоқда, у якуний босқичда.
Тизим тўлиқ фойдаланиш тарихига эга бўлган техниканинг рақамли паспортларини шакллантириш, лаборатория жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, қоғоз ҳужжат айланишидан воз кечиш, QR-кодлардан фойдаланган ҳолда намуналарни олиш ва ҳисобга олишни автоматлаштириш, лаборатория ва фойдаланиш маълумотларини интеграциялашни таъминлайди.
Бундан ташқари, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тизим, техникаларнинг эскиришини дастлабки белгиларини аниқлайди. Яъни, СИ ёрдамида транспорт воситасини иш режими қайд этиб борилади. Техниканинг эҳтиёт қисмлари носоз ҳолатга келишдан олдин хабар бера олади. Бу муҳандислик хизматлари учун таҳлилий хулосалар ва тавсияларни шакллантиради. Натижада транспорт бузилишининг олди олинади. Мазкур тизим ёрдамида 1 ой ичида 3 та автосамосвалларнинг двигателлари ишдан чиқишининг олди олинди. СИ берган тавсиялардан келиб чиқиб автосамосваллар тўхтатилиб, текширилганда ҳақиқатдан ҳам бузилишлар аниқланди. Натижада маълум бир эҳтиёт қисмлар алмаштирилди ва двигателлар сақлаб қолинди. Бунинг натижасида 12,6 млрд сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, комбинат мутахассислари ишлаб чиққан технологиялар турли саноат корхоналарида ҳам жорий этилиши мумкин. Бу эса сезиларли иқтисодий самарани таъминлайди ва ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришнинг янги стандартини шакллантиради.
Бу ерда гап фақат технологияларни жорий этиш ҳақида кетаётгани йўқ. Аслида, янги саноат модели шаклланмоқда, унда бошқарув маълумотлар асосида амалга оширилади, хавфлар олдиндан башорат қилинади ва самарадорлик бошқариладиган тизимга айланади.
Тизимни ривожлантириш учун мутахассислар қуйидаги ихтисослаштирилган ечимларни жорий этишди.
Жумладан, EM AI (Oil) дастури — сарфни назорат қилиш, оғишларни аниқлаш ва агрегатлар ҳолатини башорат қилишни таъминлайдиган мойлар ва мойлаш материалларини интеллектуал бошқариш тизими ҳисобланади. Тизим мой алмаштириш оралиқларини оптималлаштириш, харажатларни камайтириш ва техниканинг хизмат муддатини узайтириш имконини беради.Тизимда мойлар ҳисобини юритиб, кирим-чиқим операцияларини автоматлаштириш, ҳамда ҳисоботларни шакллантириш имконини таъминлайди. Бу эса ресурслардан самарали фойдаланиш ва молиявий назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, EM AI (Tyre) дастури — шиналар ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш тизими бўлиб, реал вақтда параметрларни назорат қилади, эскиришни башорат қилади ва авария хавфини камайтиради. Тизим шиналар ҳисоби ва эҳтиёжини режалаштиришни таъминлаб, омбор қолдиқларини юритади, сарфни кузатади ва келгуси талабни аниқ ҳисоблаш имконини беради.
Барча ечимлар ягона рақамли экотизимга бирлаштирилган ва синхрон ишлайди, бу эса таҳлилнинг аниқлиги ва бошқарув қарорларининг сифатини оширади.
Бу ҳали бошланиши. Жамоа аниқ стратегик қарашга ва катта ривожланиш салоҳиятига эга. Ечимларни такомиллаштириш, ишлаб чиқаришга жорий этиш ва уларнинг функционал имкониятларини кенгайтириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Бу тизимлар ОКМКнинг «Рақамли ОКМК-2030» стратегияси доирасида ишлаб чиқаришни тўлиқ рақамлаштириш йўлидаги муҳим қадамлари ҳисобланади.
Реклама ҳуқуқи асосида.





