Logo

Олмазордаги «котлован» ўпирилиши. Воқеа жойидан репортаж

Bugun 19:102 daqiqa

Куни кеча, 2 август куни пойтахтнинг Олмазор тумани Беруний кўчасида 9 қаватли уй ёнида меҳмонхона қуриш учун қазилган «котлован» чети ўпирилди. Буни акс эттирувчи видеолар ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди. Ҳодиса Орзу массиви, учинчи уй манзилида жойлашган қурилиш объектида юз берган. Vaqt.uz мухбири мазкур ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун воқеа жойига етиб борди ва у ердаги аҳолига микрофон билан юзланди.

Мазкур ҳудудда кўп қаватли хонадонлар ва меҳмонхона қурилиши режалаштирилгани айтилмоқда. Қолаверса, Олмазор тумани Орзу маҳалласидаги қурилиш объектига туташ ҳудудда яшовчи аҳолининг айтишича, улар мазкур қурилишдан норози бўлиб, бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Шунингдек, мазкур ҳудудда яшовчилардан бирининг сўзларига кўра, ҳодисадан сўнг уларнинг яшаш хонадонларида узоқ вақтгача электр ва сув бўлмаган.

Яна бир фуқарога кўра, ушбу қурилиш объектига туташ ҳудудда мактаб ҳам бор ва у ерда таҳсил оладиган ўқувчилар мактабга келиб-кетишида ҳам бу қурилиш хавф туғдириши мумкин.

Хўш, мазкур ҳолатга ҳокимлик нима деди?

Ҳодиса содир бўлганидан сўнг, Олмазор туман ҳокимлиги муносабат билдирди. Ҳокимликка кўра, вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг назоратига олинган бўлиб, унинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тезкор махсус комиссия тузилган.

Туман ҳокимлиги вазиятга муносабат билдирар экан, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар йўқлигини билдирган. Аммо пойтахт ҳокимлиги бунинг аксини айтяпти. Туман ҳокимлигининг муносабатидан бир неча соат ўтиб пойтахт ҳокимлиги ҳодиса оқибатида бир фуқаро жабрланганини тасдиқлади. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган.

МЧЖ мансабдорларига жиноят иши қўзғатилган

Ушбу ҳодиса ортидан жиноят иши қўзғатилгани ҳам маълум бўлди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбирига Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Унинг айтишича, ушбу қурилишга алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192-11-моддасида (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган. Ҳозирда қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, ҳодиса оқибатида 1 киши жароҳат олган. Айни пайтда у шифохонада даволанмоқда.

Teglar

Ozodbek Abdumo‘minov

Ozodbek Abdumo‘minovMaqolalar soni: 10

Barchasi

Mavzuga oid