Logo

Омон қолиш учун 72 соат: Нега 33 давлат ҳукумати аҳолига озиқ-овқат ва сув ғамлашни буюрмоқда?

Kecha 21:305 daqiqa

Октябр ойининг охиридан буён жаҳон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда турли мамлакатларнинг фуқаро муҳофазаси вазирликлари томонидан эълон қилинган расмий кўрсатмалар қизғин муҳокама қилинмоқда. Камида 33 та давлат ҳукумати ўз фуқароларига фавқулодда вазиятлар учун озиқ-овқат, сув ва дори-дармон захирасини тўплашни тавсия қилмоқда.

Омон қолиш учун 72 соат: Нега 33 давлат ҳукумати аҳолига озиқ-овқат ва сув ғамлашни буюрмоқда? © haqqin.az

Экспертларнинг таъкидлашича, бу ерда гап қандайдир муқаррар ҳалокат олдидаги ваҳимали сафарбарлик ҳақида эмас, балки жамиятнинг гибрид таҳдидлар, иқлим инқирозлари ва киберҳужумларга қарши бардошлилигини тизимли равишда ошириш ҳақида бормоқда. Европанинг кўплаб мамлакатларидаги тавсияларга Еврокомиссия томонидан 2025 йилда тақдим этилган «Тайёргарлик иттифоқи стратегияси» асос бўлди. Унда инқирознинг дастлабки 72 соатида аҳолининг мустақил жон сақлаш стандарти белгиланган. Ҳукуматлар томонидан фуқароларга тавсия этилаётган мустақил омон қолиш муддати эса минтақага қараб турлича.

1

Буюк Британияда «Be Ready» (Тайёр бўл) давлат кампанияси ишга туширилди. Ҳукумат ҳар бир оилани 3 кунлик озиқ-овқат ва ичимлик суви (бир киши учун камида 9 литр), шунингдек, фонар, радиоприёмник, биринчи ёрдам қутиси ва нақд пул захирасини ғамлаб қўйишга чақирмоқда. Францияда ҳам уйда уч кунлик озиқ-овқат ва сувнинг энг зарур захираси бўлиши тавсия этилмоқда. Нидерландия ва Ирландияда фуқароларга 3 кунлик захира тайёрлаш маслаҳат берилган. Германия ҳукумати эса аҳолига озиқ-овқат ва биринчи галдаги эҳтиёж товарларининг 10 кунгача етадиган мустақил захирасини сақлашни тавсия қилмоқда. Швеция ва Норвегияда аҳолига захираларни тахминан бир ҳафтага (7 кун) мўлжаллаш уқтирилмоқда. АҚШ ва Канадада, шунингдек, бошқа қатор мамлакатларда аҳолига штат ёки ҳудудга қараб бир неча кунлик фавқулодда тўплам ҳамда озиқ-овқат ва сув захирасига эга бўлиш тавсия этилади. Японияда эса анъанавий тарзда фуқароларни табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар учун 3 кундан 7-10 кунгача етадиган захираларни сақлаб туришга чақиришади.

Асосий сабаблар: инфратузилмага қаратилган йирик киберҳужумлар хавфи, электр таъминотидаги узилишлар, кучли бўрон ва сув тошқинлари, геосиёсий хавф-хатарлар ва «ялпи мудофаа» зарурати, шунингдек, кенг кўламли блэкаутлар (электр узилишлари) ёки таъминот занжиридаги эҳтимолий узилишлардир.

2

Тавсия этилган «фавқулодда тўплам»га нималар киради?

Кўпчилик мамлакатларнинг вазирликлари оилавий захираларни яратиш учун бир-бирига ўхшаш рўйхатларни эълон қилмоқда. Хусусан:

·         Ичимлик суви кунига бир киши учун тахминан уч литр ҳисобида ғамланади (масалан, Буюк Британияда оиланинг ҳар бир аъзоси учун 3 кунга камида 9 литр қадоқланган сув сақлаш маслаҳат берилади).

·         Озиқ-овқат: Пиширишни талаб қилмайдиган ва узоқ сақланадиган маҳсулотлар (консервалар, ёрмалар, қуруқ мевалар, ёнғоқлар).

·         Алоқа ва ёруғлик воситалари: Фонарлар, батарейкалар ва, албатта, радиоприёмник. Интернет ва уяли алоқа узилиб қолган тақдирда, расмий фавқулодда хабарлар фақат радио орқали узатилади.

·         Дори-дармонлар: Уйдаги биринчи ёрдам қутиси ва рецепт асосида бериладиган ҳаётий муҳим дорилар захираси.

·         Шунингдек, оз миқдорда нақд пул (чунки блэкаут ёки киберҳужум вақтида банк карталари ишламайди), муҳим ҳужжатларнинг нусхалари ва иссиқ кийимлар.

Ижтимоий тармоқлардаги ахборот хуружлари Европанинг айрим мамлакатларида қадоқланган сув тақчиллигига, фонар ва консервалар савдосининг кескин ўсишига олиб келди. Бунга параллел равишда, интернетда гўёки мувофиқлаштирилган «рақамли апокалипсис» (хусусан, 2026 йил 17 ноябр санаси атрофида) ҳақидаги фитна назариялари тарқала бошлади. Бироқ мутахассисларнинг тушунтиришича, 17 ноябр куни АҚШда фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш тизимининг (FEMA/FCC) одатий режали синови ўтказилади ва бу глобал интернетга ҳеч қандай таъсир қилмайди.

Немис сиёсатшуноси ва халқаро муносабатлар бўйича эксперт, Дунай минтақаси ва Марказий Европа институти (IDM, Вена) директори Себастиан Шаффернинг таъкидлашича, батарейкали радиоприёмник ва нақд пул тармоқсиз ишлайдиган энг зарур воситалардир.

«Электр энергияси узилган ёки киберҳужум содир бўлган пайтда мобил тармоқлар, нақд пулсиз тўловлар ва ҳатто расмий огоҳлантириш иловалари бир вақтнинг ўзида ишдан чиқади. Бу эса энди шунчаки тахминий сценарий эмас. 1 ноябр куни Украина ва Россиядаги фавқулодда вазиятлардан огоҳлантирувчи иловалар хакерлар ҳужумига учради ва миллионлаб одамлар ядровий таҳдид ҳақида сохта хабарларни қабул қилиб олди. Бундан бор-йўғи бир неча кун аввал Европа Иттифоқи озиқ-овқат дўконларига уюштирилган киберҳужумлар тўлқинини таъминот занжирига путур етказишга қаратилган қасддан қилинган ҳаракат деб баҳолаган эди. Гибрид инқирозлар шароитида тўлов ва огоҳлантириш тизимлари эндиликда бевосита нишонга айланмоқда. Шундай вазиятда ананавий (рақамли бўлмаган) захиралар арзон суғурта полиси вазифасини ўтайди».

3

Европанинг айрим ҳудудларидаги тақчиллик кутилган ҳолат эди. Бир қанча давлат ҳукуматлари кетма-кет, бир неча ҳафта орасида бундай тавсияларни эълон қилгач, фуқаролар табиий ва оқилона тарзда хавф-хатарларга нисбатан ўз муносабатини қайта кўриб чиқмоқда. Сўнгра, ижтимоий тармоқлар бўшаб қолган пештахталар суратларини давлатнинг ҳар қандай расмий хабаридан кўра тезроқ, чегаралар оша тарқатиб юборди.

«72 соатлик муддат — масъулиятни кимгадир юклаб қўйиш эмас, балки уни ўзаро тақсимлашдир. Ҳеч қандай фавқулодда хизмат бир вақтнинг ўзида ҳаммага ёрдам беришга қодир эмас. Оилаларнинг ўз аравасини ўзи тортиши давлатга вақтдан ютиш ва ресурсларни энг кўп жабр кўрган ҳудудларга йўналтириш имконини беради. Бу модел Скандинавия мамлакатларидаги «ялпи мудофаа» анъанасига бориб тақалади. У ерда инқирозларга тайёр туриш давлатнинг вазифасини ўз бўйнига олиш эмас, балки фуқаролик масъулиятининг бир қисми ҳисобланади. Бу ўринда маълумотнинг қандай тақдим этилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар ҳукумат «72 соат» концепциясини гўёки одамларни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдираётгандек талқин қилса, бу фақатгина фитна назарияларига асос бўлувчи ишончсизликни янада кучайтиради. Минтақамиз учун бунда ҳеч қандай янгилик йўқ: Украина, шунингдек, Марказий ва Шарқий Европадаги хонадонлар камида 2022 йилдан буён шунга ўхшаш захираларни шакллантириб келмоқда», — деди Шаффер.

Teglar

Mavzuga oid