Оролбўйи ҳудудида бўлиб ўтган «Медиа ҳафталик»да 700 дан ортиқ соҳа вакиллари қатнашди

Bugun 14:102 daqiqa

Қорақалпоғистонда Медиа ҳафталикнинг илк босқичи якунланиб, 700 дан ортиқ иштирокчи жалб қилинди

Оролбўйи ҳудудида бўлиб ўтган «Медиа ҳафталик»да 700 дан ортиқ соҳа вакиллари қатнашди © Foto: Kontent markazi axborot xizmati

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган «Медиа ҳафталик»нинг дастлабки босқичи муваффақиятли якунланди. Беш кун давомида ҳудуд мамлакат ахборот маконининг фаол марказига айланиб, турли йўналишларда фаолият юритувчи медиа вакилларини бир майдонга жамлади.

Лойиҳада 60 дан ортиқ ахборот хизмати ходимлари, 80 нафардан зиёд телеканал вакиллари, 50 дан ортиқ ОАВ ходимлари ҳамда юзлаб блогерлар иштирок этди. Энг катта қатламни эса 500 нафардан ортиқ мобилограф, СММ мутахассиси ва контент яратишга қизиқувчи ёшлар ташкил қилди. Жами иштирокчилар сони 700 нафардан ошди.

Амалий ёндашув устувор

Ушбу ташаббус анъанавий назарий маърузалардан воз кечиб, амалиётга асосланган форматда ташкил этилди. Иштирокчилар бешта асосий йўналиш бўйича ўқитилиб, сунъий интеллект, фактчекинг, рақамли этика ва маълумотларни визуаллаштириш каби долзарб мавзуларни ўзлаштирди.

Телевидение вакиллари учун репортаж тайёрлаш ва ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқиш, техник мутахассислар учун эса замонавий тасвир ва монтаж усуллари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Давлат органлари ахборот хизмати раҳбарлари стратегик коммуникация, антикризис бошқарув ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш бўйича билимларини мустаҳкамлади.

Янги авлод медиаси

СММ мутахассислари ва блогерлар аудитория эътиборини жалб этувчи креатив контент яратиш, ижтимоий тармоқ алгоритмлари билан ишлаш ва бренд имижини шакллантириш бўйича кўникмаларга эга бўлди.

Машғулотлар тажрибали экспертлар, жумладан Беруний Алимов, Нозима Тошпўлатова ва Жаҳонгир Олимов каби мутахассислар иштирокида ўтказилди.

Ҳафталик доирасида 10 минг нафар СММ мутахассисини тайёрлаш дастурига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирга қадар 7 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинган бўлиб, уларнинг 2 мингдан зиёди курсларни муваффақиятли якунлаган.

Лойиҳа якунида медиа форум ва сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди. Кейинги босқич 6–10 апрель кунлари Хоразм вилоятида ташкил этилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid