Logo

Ўзбекистон июнь ойида ҳам олтин сотмади

Bugun 20:552 daqiqa

Мамлакат сўнгги 9 ой давомида фақат апрель ойида олтин сотувини амалга оширди. Бу пайтда экспорт 8,8 фоизга камайиб кетди.

Ўзбекистон июнь ойида ҳам олтин сотмади © Foto: Bloomberg

Июнь ойида Ўзбекистон яна олтин экспорт қилмади. Умумий экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,8 фоизга камайиб кетди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг ташқи савдо бўйича ҳисоботидан маълум бўлди.

2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакат ташқи савдо айланмаси 41 млрд долларга етди ва 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 млрд долларга ёки 7,4 фоизга кўпайди.

Ташқи савдода экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 8,8 фоизга камайиб, 15,9 млрд долларни ташкил қилди. Импорт эса 21 фоизга ўсиб, 25,1 млрд долларга етди.

Бунда Ўзбекистон ташқи савдосида салбий сальдо 9,3 млрд долларгача кўпайди. Таққослаш учун, 2025-йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 3,4 млрд долларни, 2024-йилда 5,7 млрд долларни ташкил қилганди.

Экспорт камайиши ва салбий сальдо кўрсаткичи ошишига олтин экспорти деярли тўхтатилгани сабаб бўляпти. Охирги 9 ой давомида Ўзбекистон фақатгина 2026-йилнинг апрель ойида олтин экспортини амалга оширди — 1,5 млрд доллар.

Шунга қарамай, олтинни ҳисобга олмаганда экспорт ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга ўсиб, 8,2 млрд долларни ташкил қилди. 2025-йил ярмида Ўзбекистон 6,5 млрд долларлик олтин сотганди.

Нега олтин экспорт қилинмаяпти?

Ўзбекистон аввалги йилларда олтиннинг фаол экспортёри эди. Бироқ геосиёсий нотинчликлар ва иқтисодий вазият фонида олтин нархлари сезиларли ўзгаришни бошлади.

2025-йил давомида олтин бир неча бор тарихий рекордларни янгилади. Жаҳон бўйича нархлар 70 фоиздан кўпроқ ошган бўлса, олтин қуймалари ҳам ўсишда давом этди ва жозибадор сармоя воситасига айланди.

Январь ойига келиб, олтиннинг унциядаги глобал нархи 5 500 доллардан юқорига кўтарилиб, тарихий рекордни янгилади. Бироқ кейинчалик нархлар сезиларли пасайишни бошлаб, ҳозирда 4 000 доллардан паст бўлиб турибди.

Олтин нархлари июль ойида июньдагидан ҳам пастроқ шаклланди. Катта эҳтимол билан ҳукумат июль ойида ҳам бундай шартларда олтин сотувини амалга оширмаган бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid