Ўзбекистон Жанубий Корея билан 8,5 млн долларлик грант лойиҳасини амалга оширади
Грант Париж битимининг 6-моддаси доирасида углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга йўналтирилади.
© KOICAЎзбекистон Жанубий Корея билан иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бунинг учун 8,5 млн доллар грант жалб қилинди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
25-ноябр куни иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) вакиллари билан учрашди. Унда «KOICA»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Ким Мён Жин ва «GGGI» ваколатхонаси раҳбари Стелла Сеунг Ён Ли ҳам қатнашди.
Музокаралар якунида Париж битимини амалга ошириш ва Корея билан қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси учун грант маблағларини жалб қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Углерод бирликлари савдоси йўлга қўйилади
Лойиҳа доирасида икки мамлакат ўртасида углерод бирликлари савдосини ташкил этиш учун зарур тартиб-қоидалар, қўлланмалар ва қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.
Углерод лойиҳаларини тайёрлаш ва бошқариш бўйича мутахассисларни ўқитадиган махсус марказ ташкил этилади. У зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ўқув дастурлари ишга туширилади.
Шунингдек, грант маблағларининг бир қисми қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув хўжалиги соҳаларида зарарли газлар чиқиндисини камайтиришга қаратилган синов лойиҳаларига сарфланади. Бу лойиҳалар орқали ушбу соҳаларда экологик тоза технологияларни жорий этиш ва ресурслардан тежамкор фойдаланиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, 2025-йилда KOICA молиявий кўмагида GGGI Оролбўйини яшил тиклаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширган. У Қорақалпоғистонда иқлим ўзгаришига мослашувчан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва яшил инвестицияларни жалб қилишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг 19-мартида Илзат Қосимов Хитойнинг «Fushun Zhenxing Chemical Engineering» компанияси билан эски автомобил шиналарини пиролиз усулида қайта ишлаб, техник углерод ишлаб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилганди. Компания бу йўналишда 80 дан ортиқ лойиҳани амалга оширган.





