Ўзбекистон — Конго ДР 7:0? Плей-оффга чиқишимиз учун шундай йирик ҳисоб керак
Хўш, Ўзбекистонда плей-офга чиқиш имконияти борми?

28-июн тонгида Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинини Конго ДРга қарши ўтказади. Аввалги икки турда ютқазган, МДҲнинг ягона вакили бўлмиш жамоамизда ҳозирча очко йўқ. Рақибда эса 1 очко бор ва Африка жамоаси плей-оффга чиқиш учун реал имкониятга эга.
Хўш, Ўзбекистонда плей-оффга чиқиш имконияти борми?
Бор. Лекин бунинг учун кўрганда кўзга ишонмайдиган йирик ҳисоб қайд этилиши керак. Ўзбекистонда фақат энг яхши 3-ўрин эгалари қаторига кириш учун жуда кичик имконият мавжуд.
12 та гуруҳдаги 3-ўрин эгаларидан энг яхши натижа қайд этган 8 таси кейинги босқичга чиқади. Ҳозирча улардан 4 таси маълум: 4 очкога эга Швеция, Эквадор, Босния ва Герсеговина ҳамда Парагвай йўлланмани ҳал қилган.
Қолган 4 та йўлланма учун эса 3 очкоси бор Сенегал (тўплар нисбати +2), Эрон (тўплар нисбати 0), Хорватия (тўплар нисбати -1), Жанубий Корея (тўплар нисбати -1), Жазоир (тўплар нисбати -2), 1 очкоси мавжуд Конго ДР ҳамда очкосиз Ўзбекистон даъвогарлик қилмоқда.
3-ўринни эгаллаганлар ичида Шотландия ва Уругвай имкониятни йўқотиб бўлган. Юқоридаги даъвогарлардан Хорватия сўнгги турни кейинги босқич масаласини ҳал қилиб улгурган Ганага қарши ўтказади ва бу баҳсда европаликларнинг ютқазиш эҳтимоли паст. Мабодо хорватлар ютқазишса, мундиал билан хайрлашиши мумкин. Шунингдек, гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида майдонга тушадиган Жазоир ва Австрия баҳсида мабодо дуранг қайд этилса, африкаликлар ҳам энг яхши учинчилар қаторига қўшилади.
Ўзбекистонни кейинги босқичга олиб чиқадиган натижалар:
Биринчи эҳтимол: Агар Конго ДР 7 та гол фарқи билан мағлуб этилса, Ўзбекистон 100 фоиз плей-оффда ўйнайди. Шунда тўплар нисбати 8:8 га етиб, Эрон ва Корея ортда қолдирилади ҳамда камида охирги йўлланма насиб этади.
Иккинчи эҳтимол: Конго ДР 6 та тўп фарқи билан мағлуб этилиши ва Хорватиянинг Ганага ютқазиши.
Учинчи эҳтимол: Конго ДР 6 та тўп фарқи билан мағлуб этилиши ва Жазоирнинг Австрияга ютқазиши (Бу — Хорватиянинг Ганага мағлуб бўлмаслигидан келиб чиққан эҳтимол).
Тўртинчи эҳтимол: Хорватия Ганага, Жазоир Австрияга ютқазиши, Ўзбекистон эса Конго ДРни 5 та тўп фарқи билан ютиши.
Тўртинчи эҳтимолда агар хорватлар икки тўп фарқи билан ютқазса, бизга 4 та тўп фарқидаги ғалаба ҳам етарли бўлади. Яъни хорватлар қанчалик йирик ҳисобда мағлуб бўлса, Ўзбекистон Конго ДР дарвозасига уриши керак бўлган голлар сони ҳам шунчалик камайиб бораверади.
Хуллас, математик жиҳатдан бир орзу қилдик-да. Аслида Португалия ва Колумбия аранг биттадан гол ура олган Конго ДРга 5-6 та тўп киритишимиз қанчалик реалликка тўғри келади? Устига-устак, рақиб ҳам қараб турмайди, уларга ҳам ғалаба керак. Аммо африкаликлар математикага муҳтож эмас — исталган ҳисобдаги ғалаба Конгога плей-офф эшикларини очади.
Математикани йиғиштириб, шунчаки майдонга катта иштиёқ билан тушиш ва жисмонан кучли рақибни мағлуб этиб, мундиалдаги тарихий илк ғалабага эришиш зарур. Шунда Жаҳон чемпионати билан эшикни қаттиқроқ ёпган ҳолда хайрлашамиз.
Шунингдек, Конго ДР устидан ғалабага эришиш, ҳеч бўлмаса ютқазмаслик орқали одатда бизга ёрдам бермайдиган қитъадошларимиз Эрон ва Жанубий Кореяга кўмаклашган бўламиз — буёғи ҳам бор. Конгони оёғидан тортиб қолиб, Осиё жамоаларига йўл очамиз. Бу эса келажакда қитъамизга бериладиган йўлланмалар сонида асқатиши мумкин.
Teglar






