Logo

Ўзбекистон либослари ЖЧ-2026 рейтингида қуйи поғоналардан ўрин олди

Bugun 19:582 daqiqa

Мусобақадаги либосларнинг мутлақ кўпчилиги «Nike», «Adidas» ва «Puma» брендларига тегишли.

Ўзбекистон либослари ЖЧ-2026 рейтингида қуйи поғоналардан ўрин олди © Фото: UFA

2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати учун тақдим этилган терма жамоалар либослари рейтинги эълон қилинди. ESPN томонидан тузилган рўйхатда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам асосий, ҳам сафар либослари қуйи ўринлардан жой олди.

ESPN муаллифи Крис Райт 48 иштирокчи мамлакатнинг 100 дан ортиқ либосини энг паст баҳоланган намунадан энг юқори ўрингача саралади. Рейтингда либосларнинг дизайни, миллий маданият элементларидан фойдаланилиши ва умумий визуал кўриниши баҳоланган.

Ўзбекистоннинг асосий либоси рейтингда 103-ўринни эгаллади. Муаллиф таърифига кўра, либос асосан оқ рангдан иборат бўлиб, унда тўқ кўк рангли безаклар қўлланган. Ёқа қисмида мамлакат байроғидаги ранглар жойлаштирилган. Шунингдек, матода анъанавий сўзана каштачилиги ва миллий тўқимачилик санъатидан илҳомланган мозаикасимон нақшлар акс эттирилган.

Сафар либоси юқорироқ баҳоланди

Ўзбекистоннинг сафар либоси рейтингда 84-ўриндан жой олди. ESPN маълумотига кўра, мазкур либос асосий либос дизайнининг тескари варианти ҳисобланади. Унда ҳам миллий нақшлар сақланган бўлиб, байроқ ранглари ёқа қисми орқали ифодаланган.

Муаллифнинг қайд этишича, либоснинг тўқ кўк ранги миллий нақшлар ва рангли деталларни оқ либосга нисбатан яққолроқ намоён қилган. Шу сабабли сафар либоси асосий либосдан юқорироқ баҳоланган.

Рейтингнинг юқори қисмида Уругвайнинг сафар либоси биринчи ўринни эгаллади. Япониянинг сафар либоси иккинчи, Франциянинг сафар либоси эса учинчи ўринга қўйилди. Шунингдек, Мексика, АҚШ, Бразилия ва Аргентина либослари ҳам энг яхши баҳоланган намуналар қаторига киритилди.

2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтказилади. Турнир тарихда биринчи марта 48 та жамоа иштирокида ташкил этилади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашади.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистон либослари ЖЧ-2026 рейтингида қуйи поғоналардан ўрин олди | Vaqt.uz