Ўзбекистон Миллий университетида VI Халқаро иқтисодчилар форуми бўлиб ўтди

Bugun 11:122 daqiqa

Форумда Россия, Словакия, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар университетларидан келган олимлар ва экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий университетида VI Халқаро иқтисодчилар форуми бўлиб ўтди

25 апрел Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Иқтисодиёт факультети ташкил этилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан “Миллий иқтисодиётнинг ресурс тежамкор иқтисодий ривожланиш моделига ўтиш стратегияси” мавзусидаги VI Халқаро иқтисодчилар форуми ўз ишини бошлади.

4

Мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон Миллий университети томонидан Россия, Словакия, Жанубий Корея ва бошқа хорижий мамлакатлар олийгоҳлари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Форумнинг асосий мақсади — миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг илмий-амалий асосларини муҳокама қилишдан иборат.

2

Анжуманни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети раҳбарияти кириш сўзи билан очиб бериб, факультетнинг 35 йиллик тарихий йўли ва мамлакат иқтисодиёти учун кадрлар тайёрлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг, форум иштирокчиларига ЎзМУ проректорлари Шуҳрат Тошматов ва Ёқуб Эргашов, Ўзбекистон Республикаси Демографлар уюшмаси раиси Баҳодир Умрзоқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров, “O‘zbekinvest” компанияси бош директори Рустам Азимов, шунингдек, хорижлик ҳамкорлар — профессорлар Александр Сиганов, Александр Бабкин, Чой Юн Чол ҳамда “Uzbek Leasing International” раҳбари Зафаржон Мустафаев табрик сўзи билан мурожаат қилишди.

3

Форумнинг ялпи мажлисида миллий ва халқаро экспертлар томонидан долзарб маърузалар тингланди. Хусусан, Содиқов Авазбек Мадаминович Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг ресурс тежамкор моделини шакллантириш масалалари, Юлдашев Шуҳрат Ганиевич Ўзбекистон иқтисодиётининг ресурс тежамкор ўсишга ўтиш механизмлари, Балега Андрианна (Словакия) энергетикага ўтиш даврида водород халқаро савдосининг геосиёсати, Шохаъзамий Шоҳмансур глобал беқарорлик шароитида инновацион ривожланиш моделига тезкор ўтиш концепцияси ҳамда Насретдинова Шаҳноза Саидакмаловна суғурта бозорининг ресурс тежамкор модел барқарорлигига таъсири юзасидан ўз тадқиқотлари натижаларини тақдим этдилар.

Ялпи мажлис доирасида, шунингдек, яна бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар томонидан рақамли технологиялар, сунъий интеллект, “яшил” кўникмалар ва иқлим молиялаштириши каби йўналишларда маърузалар қилинди.

Тадбир якунида миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва ресурс тежамкорликни стратегик даражага кўтариш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

1

Форум ўз ишини 6 та алоҳида шўбага бўлинган ҳолда давом эттиради. Уларда ресурс тежамкор моделнинг назарий жиҳатлари, реал секторда янги технологияларни қўллаш, инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва хорижий мамлакатлар тажрибаси кенг муҳокама қилинади.

Маълумот учун: ЎзМУ Иқтисодиёт факультети 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи юқори малакали мутахассислар тайёрлаб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid