Logo

«Ўзбекистон почтаси» кузатув кенгашига «Wildberries» вакиллари киритилди. Бу хусусийлаштиришни англатадими?

Bugun 20:554 daqiqa

UzPost сўнгги йилларда молиявий босим остида қолиб, унинг банклардаги қарзи 45,3 млрд сўмга етган. «Wildberries» эса компанияни ривожлантириш учун 360 млрд сўмгача фоизсиз қарз ажратиши кутилмоқда. Шу сабабли компания вакиллари UzPost кузатув кенгаши таркибига киритилган. Vaqt.uz ушбу келишувнинг тафсилотлари, унинг ҳуқуқий асослари юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигидан изоҳ олди.

«Ўзбекистон почтаси» кузатув кенгашига «Wildberries» вакиллари киритилди. Бу хусусийлаштиришни англатадими?

«Ўзбекистон почтаси» АЖ атрофида «Wildberries» билан боғлиқ янги бошқарув модели ва 100 млрд сўмлик кредит масаласи муҳокамаларга сабаб бўлди. Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) эса компания хусусийлаштирилмагани ва мазкур қарз олинмаганини маълум қилди.

Гап 21-сентябр куни «Ўзбекистон почтаси» акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ҳақида бормоқда. Унда компаниянинг аввалги кузатув кенгаши ваколатлари муддатидан олдин тугатилиб, янги таркиб уч йил муддатга сайланди.

Янги кузатув кенгашидаги тўққиз ўриндан бештасини «Wildberries» ва унинг ҳамкор тузилмалари билан боғлиқ компаниялар вакиллари эгаллаган.

Улар орасида «WB INT EXPORT» бош директори Акмал Примқулов, «RVB» инвестициялар ва назорат департаменти директори Евгений Митин, «RVB» юридик департаменти директор ўринбосари Эмил Хасанов, «RVB» молия директори Павел Логунов ҳамда «WB Bank» ҳудудий ривожланишни бошқариш департаменти директори Александра Хмёлова бор.

Қолган тўрт ўринга эса Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос, Ҳисоб палатаси мутахассиси Шаҳзод Ўсаров, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Музаффар Остонақулов ҳамда мустақил аъзо Роджер Крук киритилган.

Шу йиғилишда «WB INT EXPORT» дан 100 млрд сўм миқдорида қарз жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Таклифга кўра, маблағ Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасида (14%) жалб қилиниши ва тасдиқланган жадвал асосида қайтарилиши керак эди.

Бироқ акциядорлар мазкур масала бўйича қарор қабул қилмаган. Корпоратив ахборот порталида эълон қилинган маълумотларга кўра, овоз берган акциядорларнинг 100 фоизи бетараф қолган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам 100 млрд сўмлик қарз амалда олингани ҳақидаги хабарларни рад этганди. Агентликка кўра, кредит шартлари — фоиз ставкаси, маблағ миқдори ва қайтариш жадвали бўйича якуний келишув бўлмагани сабабли 21-сентябрдаги йиғилишда қарз олиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган.

UzPost «WB INT EXPORT»га берилдими?

8-сентябр куни Давактив директори Соҳибжон Муродов «Ўзбекистон почтаси» хусусийлаштирилгани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди.

Агентлик маълумотига кўра, давлат ташкилотлари, корхоналари ва тижорат банкларига тегишли бўлган акциялар пакети, яъни давлат улушининг 92,9 фоизи, тўлиқ Давактив бошқарувига ўтказилган.

«Wildberries» ва Uzum Market ушбу давлат улушини сотиб олишга қизиқиш билдирган. Бироқ ҳозирча давлат улушини хусусийлаштириш бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаган.

Шу сабабли «Wildberries» вакилларининг кузатув кенгашига киритилиши компаниянинг «Wildberries»га сотилгани ёки бошқарув ҳуқуқи тўлиқ берилганини англатмайди.

Нега «Wildberries» вакиллари кенгашга киритилди?

Давактив раҳбари Соҳибжон Муродовнинг матбуот анжуманидаги изоҳига кўра, бу қарор замонавий корпоратив бошқарув механизмларини жорий этиш ва почта фаолиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ.

Унинг таъкидлашича, кузатув кенгаши компаниянинг кундалик молиявий-хўжалик фаолиятини бевосита бошқармайди. Кенгаш асосан стратегик қарорлар қабул қилишда иштирок этади.

«Wildberries» вакилларини жалб қилишдан мақсад уларнинг электрон тижорат, логистика ва замонавий бошқарувдаги тажрибасидан фойдаланишдир.

Бунда UzPost’нинг мамлакат бўйлаб 1,6 мингдан ортиқ тарқатиш нуқталарига эга экани ҳам компания учун муҳим омил сифатида кўрсатилган. Давактив раҳбари «Wildberries»дан ташқари бошқа компаниялар, хусусан, Uzum Market билан ҳам почта инфратузилмасидан фойдаланиш бўйича мингдан ортиқ шартнома мавжудлигини ҳам қўшимча қилди.

100 млрд сўмлик кредит ўрнига 360 млрд сўмлик фоизсиз қарз

Матбуот анжуманида Давактив раҳбари яна бир муҳим маълумотни очиқлади. Муродовнинг сўзларига кўра, «Wildberries» томонидан UzPost учун 360 млрд сўмгача фоизсиз кредит линияси очилиши мумкин. Бу UzPost бир вақтнинг ўзида 360 млрд сўм қарз олади дегани эмас. Маблағ эҳтиёжга қараб босқичма-босқич жалб қилиниши, умуман фойдаланилмаслиги ҳам мумкин.

Ҳар бир харид ва йўналиш бўйича маблағдан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда, аммо расмий келишув ҳали имзоланмаган.

Нега UzPost инвестицияга муҳтож?

Қайд этилишича, UzPost сўнгги йилларда молиявий босим остида қолган. Сўнгги уч йилда компаниянинг ўртача соф фойдаси 800 млн сўмни, рентабеллик даражаси эса 0,2 фоизни ташкил этган.

2026-йилнинг биринчи олти ойида компания тушуми 313,6 млрд сўм бўлган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга кам.

Бундан ташқари, 16-майдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик тўғрисидаги қарорларни почта орқали етказиб бериш хизмати тўхтатилган. Бу ҳам Uzpost’га бўлган эҳтиёжни сезиларли пасайтиради.

Агентлик ҳисоб-китобига кўра, хизматнинг тўхтатилиши оқибатида йил якунига қадар 1,7 млрд сўм миқдорида зарар кутилмоқда. Компаниянинг банклардан қарздорлиги эса 45,3 млрд сўмни ташкил этади.

Давактив электрон тижоратнинг тез ривожланиши почта инфратузилмасини тубдан модернизация қилишни талаб қилаётганини қайд этган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун 300 млрд сўмдан ортиқ маблағ керак.

Бу маблағлар юк ва электротранспорт харид қилиш, саралаш маркази ҳамда IT инфратузилмасини янгилаш, почтаоматлар сонини кўпайтириш ва почта объектларини таъмирлашга йўналтирилиши режалаштирилмоқда.

Uzpost’нинг «Wildberries» га сотилиши ҳақидаги гаплар 2025-йилда бошланган

Ўтган йили ҳам UzPost’нинг «Wildberries»га берилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ўшанда иқтисодчи Отабек Бакиров UzPost’нинг давлат улуши «шимолий маркетплейслардан бири»га сотилган бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Бу орқали Россиянинг йирик онлайн савдо платформаларидан бири «Wildberries» номи тилга олинган.

Шунингдек, 2025-йилнинг июнида UzPost’нинг аффилланган шахслар рўйхатида ўзгаришлар юз бергани, Алоқабанк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унга тегишли айрим компаниялар рўйхатдан чиқарилган. Уларнинг ўрнига Давактив, унга тегишли юридик шахслар ва Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси киритилганди.

Teglar

Mavzuga oid