Ўзбекистон ва Беларус муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди
Минскда ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Беларус етакчилари савдо, саноат ва янги қўшма лойиҳалар бўйича келишувларга эришди.
© Foto: president.uzЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9-июл куни Минск шаҳрида Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Беларус ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Музокараларда савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, энергетика ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон тинч атомдан фойдаланиш ва ушбу соҳада инфратузилма яратиш бўйича тажриба алмашишга қизиқиш билдирди.
Савдо ҳажми оширилади
Учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар жадал ривожланаётгани қайд этилди. Сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробарга ўсиб, 2025 йил якуни бўйича салкам 1 млрд долларга етган.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса савдо айланмаси яна 30 фоизга ошган. Ҳозирда Ўзбекистон ва Беларус иштирокида 360 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш бўйича ҳаракатлар режасини келишиб олди. Унда янги саноат кооперацияси лойиҳалари, инвестиция битимлари ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.
Минскда ўтказилган учинчи Ўзбекистон–Беларус ҳудудлараро форуми натижалари ҳам юқори баҳоланди. Форум якунида бир қатор савдо шартномалари ва инвестиция келишувлари имзоланган.
Ҳамкорликнинг янги босқичи
Музокаралар давомида халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни давом эттириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, туризм, тиббиёт ва таълим соҳаларида қўшма форумлар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Шавкат Мирзиёев Минск шаҳрида Ўзбекистон–Беларус дўстлиги хиёбонини ташкил этиш ташаббуси учун Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди.
Стратегик шериклик
Бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.
Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Жумладан:
– 2026-2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
– Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Беларус Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган маслаҳатлашувлар дастури;
– 2005 йил 19 январдаги «Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида»ги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
– Беларус Республикаси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида битим;
– Ўрмон хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– 2026-2028 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Беларус Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;
– Ўзаро сайёҳлар оқимни кўпайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси;
– 2026-2028 йилларда агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси»;
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Беларуснинг «Беллегпром» давлат концерни ўртасида енгил саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Беларус Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ўртасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми;
– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Беларус Республикаси Молия вазирлиги ўртасида молиявий масалалар бўйича ўзаро англашув меморандуми;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Беларус стратегик тадқиқотлар институти ўртасида Ўзбекистон – Беларус экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида меморандум;
– Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Беларус Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ўртасида агросаноат соҳасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аҳдлашув меморандуми;
– Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Беларус Миллий фанлар академияси ўртасида илмий-техник ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Беларус Республикаси Фундаментал тадқиқотлар жамғармаси ўртасида ҳам меморандум имзоланди.
Учрашув якунида Мирзиёев ҳамкасби Александр Лукашенкога расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.





