Logo

Ўзбекистон ва Қирғизистон пенсия таъминоти бўйича янги битим имзолади

Ҳужжатга кўра, энди икки мамлакатда ишлаган фуқароларнинг стажи инобатга олинади ва улар бошқа давлатга кўчган тақдирда ҳам пенсия олиш имконияти сақлаб қолинади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон пенсия таъминоти бўйича янги битим имзолади

2026 йил 30 июл куни Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган олий даражадаги учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур битим икки давлат ҳудудида меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Битимнинг асосий қоидалари:

• ҳар бир давлат фуқаронинг ўз ҳудудида орттирган иш (суғурта) стажи учун пенсия тайинлайди ва тўлайди;

• пенсия миқдори ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилиги асосида, шу давлат ҳудудида ишлаган стаж, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадалларидан келиб чиқиб ҳисобланади;

• бир давлатда тайинланган пенсияни пенсионер бошқа томон ҳудудида кўчган тақдирда ҳам олиш имконияти таъминланади;

• икки давлат фуқароларига тенг ҳуқуқлар берилади, шунингдек дафн этиш нафақаси, тиббий-ижтимоий экспертиза, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш тартиблари белгиланади.

«Битимнинг ўтиш қоидаларига мувофиқ, у кучга киргунга қадар орттирилган иш стажи миллий қонунчилик ҳамда 1992 йил 13 мартдаги МДҲ битими асосида инобатга олинади», — дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid