Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий ҳамкорлик муҳокама қилинди
Россия мудофаа вазири Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик Марказий Осиё барқарорлигида муҳим омил эканини билдирди.

МДҲ мамлакатлари Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов ҳамда Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов иштирок этди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар чоғида Россия томони икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон «стратегик шерик ва қадрдон дўст» ҳисобланади.
Барқарорлик масаласи
«Мамлакатларимизнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги Марказий Осиёда барқарорликни сақлашнинг асосий омилларидан биридир», — деб таъкидлади Белоусов.
Ўз навбатида, Холмуҳамедов Россия томонига самимий қабул ва учрашувнинг юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
У, шунингдек, музокаралар давомида халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинганини қайд этди.
Аввалги баёнотлар
Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашда ҳарбий ҳамкорликнинг роли ҳақидаги баёнотлар Россия ҳукумати томонидан аввал ҳам бир неча бор янграган.
Жумладан, Владимир Путин 2025 йилда Тожикистондаги Россия ҳарбий базасини минтақа хавфсизлигининг муҳим кафолати сифатида баҳолаган.





