Logo

Ўзбекистон ва Швеция миграция бўйича икки муҳим ҳужжатни имзолади

Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси, академик алмашувлар ҳамда қонуний мобилликни ривожлантиришга қаратилган янги келишувларни имзолади.

Ўзбекистон ва Швеция миграция бўйича икки муҳим ҳужжатни имзолади © TIV matbuot xizmati

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов 10 июн куни Швеция Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ривожланиш ҳамкорлиги ва ташқи савдо бўйича давлат котиби Диана Янсе билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, таълим, инновациялар, фармацевтика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттириш ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Миграция соҳасида янги босқич

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири миграция соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Томонлар хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни таъминлаш, меҳнат мигрантлари учун янги имкониятлар яратиш ҳамда консуллик хизматларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий масалалар муҳокамасида эса икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва швед компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги иштирокини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланди.

Шу билан бирга, қонуний миграция ва академик алмашувларни осонлаштиришга қаратилган миграция ва мобиллик пилот дастурини ташкил этиш бўйича Қўшма англашув декларацияси ҳам қабул қилинди.

Teglar

Mavzuga oid