Ўзбекистонда банк карталари сони 70 миллиондан ошди

Bugun 12:552 daqiqa

Мамлакатда бир ой ичида 1,7 миллиондан ортиқ банк карталари очилди.

Ўзбекистонда банк карталари сони 70 миллиондан ошди

2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда муомаладаги банк пластик карталари сони 70 миллион 951 минг 598 тага етди. Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакатда 439 минг 462 та тўлов терминали ҳамда 45 минг 311 та банкомат ва инфокиоск фаолият юритмоқда.

Ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда банк карталари сони қарийб 9 миллионга ўсган. 2025 йил 1 март ҳолатида муомаладаги банк карталари сони 62 миллион атрофида эди.

Банк карталари сони бўйича “Xalq bank 11 миллиондан ортиқ карта билан етакчилик қилмоқда. Ундан кейин “Agrobank” (6,6 млн), “Uzumbank” (6 млн) ва “Ipoteka bank” (5,4 млн) юқори кўрсаткичларни қайд этган. Шунингдек, “Anorbank” ва “Hamkorbank”да ҳам 4 миллиондан ортиқ карта муомалада мавжуд.

Тўлов терминаллари сони бўйича “Hamkorbank” 59 мингдан ортиқ қурилмалари билан биринчи ўринда. Ундан сўнг эса “Milliy bank” (42 минг) ва “Xalq banki” (33,5 минг) ҳам юқори кўрсаткичларга эга. Банкомат ва инфокиосклар сони бўйича эса етакчилар қаторидан “Xalq banki” (3 мингдан ортиқ), Агробанк (қарийб 1,8 минг) ҳамда “Milliy bank” (1 мингдан зиёд) жой олган.

Январ–феврал ойларида тўлов терминаллари орқали амалга оширилган умумий тушум 82 триллион 925 миллиард 646 миллион сўмга етди. Бу рақам мамлакатда нақд пулсиз тўловлар улуши барқарор ўсиб бораётганини яққол намоён этмоқда.

Тушум ҳажми бўйича етакчилик “Aloqabank”ка тегишли бўлиб, банк орқали 10 триллион 389 миллиард сўмлик операциялар амалга оширилган. Кейинги ўринларда “TBC bank” (6 триллион 520 миллиард сўм) ва “Milliy bank” (6 триллион 174 миллиард сўм) қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ my.gov.uz'да банк карталари ва мобил рақамларни назорат қилиш имконияти жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid