Ўзбекистонда «Байрам кунлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди
Ҳужжатда 9 та умумхалқ ва 23 та касб байрами саналари келтирилган.

Ўзбекистонда умумхалқ, касб, муҳим ва халқаро саналарга оид байрамларни белгилаш, ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини ягона қонун билан тартибга солиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Байрам кунлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида маълум қилинди.
Ҳужжат муҳокамалар порталига жойлаштирилган бўлиб, жараён жорий йилнинг 20 октябридан 4 ноябрига қадар давом этади.
Лойиҳага кўра, байрамлар тўрт асосий турга: умумхалқ байрамлари, касб байрамлари, муҳим саналарга бағишланган байрамлар ҳамда халқаро саналарга оид байрамларга ажратилган.
Умумхалқ ва касб байрамлари қонун билан, муҳим саналарга оид байрамлар Президент фармонлари ва қарорлари билан белгиланади. Ўзбекистонда нишонланадиган халқаро саналарга оид байрамларни эса Вазирлар Маҳкамаси белгилаб бериши кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, қуйидагилар умумхалқ байрам кунлари ҳисобланади:
— 1 январь — Янги йил;
— 8 март — Хотин-қизлар куни;
— 21 март — Наврўз байрами;
— 9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
— 1 сентябрь — Мустақиллик куни;
— 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
— 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
— Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
— Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.Ушбу кунлар ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланади.
Шунингдек, қуйидагилар касб байрам кунлари ҳисобланади:
— 8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни;
— 26 январь — Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни;
— 1 февраль — Транспорт ходимлари куни;
— 22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни;
— апрель ойининг биринчи якшанбаси — Геология соҳаси ходимлари куни;
— 15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни;
— 18 апрель — Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни;
— 7 май — Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни;
— май ойининг учинчи якшанбаси — Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни;
— 9 июнь — Архив ходимлари куни;
— 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни;— июнь ойининг охирги якшанбаси — Савдо, матлубот кооперацияси ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ходимлари куни;— 4 август – Миллий гвардия органлари ходимлари куни;
— 20 август — Тадбиркорлар куни;
— август ойининг биринчи якшанбаси — Темир йўл транспорти ходимлари куни;
— август ойининг иккинчи якшанбаси — Қурилиш соҳаси ходимлари куни;
— август ойининг учинчи якшанбаси — Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво Флоти куни;
— 26 сентябрь — Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни;
— 20 октябрь – Ўзбекистон қутқарувчилар куни;
— 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни;
— 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни;
— ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси — Тиббиёт ходимлари куни;
— декабрь ойининг иккинчи якшанбаси — Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни.
Касб байрамларини республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасида ташкил этиш учун масъул ташкилотлар белгиланмоқда. Байрам тадбирларини ўтказишда жамоат тартиби, хавфсизлик, тиббий хизмат, санитария ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш талаблари ҳам белгиланган.
Тадбирларни молиялаштириш маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, ташкилотларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
Бундан ташқари, иш берувчилар байрам кунлари муносабати билан ходимларга меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда қўшимча рағбатлантирувчи мукофотлар тўлаши мумкинлиги назарда тутилган.





