Ўзбекистонда чиқиндидан энергия ишлаб чиқарувчи 6 та йирик завод қурилади

Bugun 14:512 daqiqa

Ўзбекистонда 933 млн долларлик 6 та чиқиндидан энергия ишлаб чиқарувчи завод қурилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда чиқиндидан энергия ишлаб чиқарувчи 6 та йирик завод қурилади © chiqindini boshqarish agentligi

Ўзбекистонда чиқиндиларни йўқ қилиш ва улардан энергия ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 933 миллион доллар бўлган олтита завод қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда президент иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Қайси ҳудудларда қурилади?

Маълумотларга кўра, мазкур корхоналар Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида барпо этилади. Заводлар ишга тушгач, ҳар йили 3,6 миллион тонна маиший чиқиндилар қайта ишланиб, 1,6 миллиард kW/h электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Йиғилишда чиқиндиларни бошқариш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, 2025 йилда санитария тозалаш хизматлари қамрови 88 фоизга етказилди, 47 та полигон фаолияти тугатилди ва 132 та полигон атрофи кўкаламзорлаштирилди.

2026 йилда эса ушбу кўрсаткични 90 фоизга чиқариш, қўшимча махсус техника ва контейнерлар етказиб бериш режалаштирилган. Шунингдек, 18 та полигонни рекултивация қилиш ва 2030 йилга қадар полигонлар сонини 50 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

Логистика харажатларини камайтириш учун ечим

Лойиҳалар доирасида логистика харажатларини камайтириш учун қайта юклаш станциялари қурилиши ҳам кўзда тутилган. Жорий йилда 28 та, 2030 йилгача эса 70 та шундай станция барпо этилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Навоий вилоятида 260 миллион долларлик хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича илк интеграциялашган платформа ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда йилига 330 минг тонна хавфли чиқиндини қайта ишлаш имконияти яратилади.

Teglar

Mavzuga oid