Logo

Ўзбекистонда электр истеъмоли тарихий рекордни янгилади

Bugun 14:552 daqiqa

Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли кетма-кет иккинчи кун рекорд ўрнатди. Янги кўрсаткич қишдаги энг юқори даражадан ҳам ошиб кетди.

Ўзбекистонда электр истеъмоли тарихий рекордни янгилади © yandexmaps

Ўзбекистонда 14-июл куни электр энергияси истеъмоли бўйича янги суткалик рекорд қайд этилди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бир кунда мамлакат бўйича 284 миллион kWh электр энергияси истеъмол қилинган. Бу кўрсаткич 13-июл куни ўрнатилган ёзги рекорд — 278,6 миллион kWh, шунингдек, 2026 йил 24 январда қайд этилган қишки максимал кўрсаткич — 283 миллион kWh'дан ҳам юқори бўлди.

Шу билан бирга, суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам рекорд даражага чиқди. 14-июл куни мамлакатда 287,3 миллион kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу қишдаги энг юқори ишлаб чиқариш ҳажмидан 9,7 миллион kWhёки 3,49 фоизга кўпдир.

Энергетика вазирлиги юқори юклама даврида электр таъминотини барқарор сақлаш мақсадида авариявий-тиклаш бригадалари кучайтирилган тартибда фаолият юритаётганини маълум қилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Сергели ва Олмазор туманларида электр тармоқларининг айрим участкаларида юзага келган носозликлар тезкор бартараф этилган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қарши, Косон, Кўкдала, Қамаши, Ғузор, Китоб ва Чироқчи туманларида кучли шамол оқибатида электр узатиш тармоқларида содир бўлган узилишлар бўйича ҳам тиклаш ишлари олиб борилган.

Вазирлик юқори истеъмол даврида аҳоли ва тадбиркорларни электр энергиясидан оқилона фойдаланишга чақирди.

Хусусан, кондиционерларни +24...+26 даража ҳароратда ишлатиш, уларнинг фильтрларини мунтазам тозалаш тавсия этилди. Вазирликка кўра, бу электр энергияси сарфини камайтириш, тармоқларга тушадиган юкламани пасайтириш ҳамда ускунанинг самарали ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid