Logo

Ўзбекистонда гидларнинг бейжик тақиши устидан назорат ИИВга юклатилмоқда

Bugun 19:004 daqiqa

Янги тартибга кўра, бейжик тақдим этмаган гидларнинг маданий мерос объектларига бепул кириши ва экскурсия ўтказиши тақиқланади, маълумотлар эса QR-код орқали Ягона электрон реестр билан солиштирилади.

Ўзбекистонда гидларнинг бейжик тақиши устидан назорат ИИВга юклатилмоқда


Ўзбекистонда туризм ташриф объектларида фаолият юритувчи гид ва гид-таржимонлар учун идентификация картасидан (бейжикдан) фойдаланиш ҳамда унинг мавжудлигини назорат қилишнинг янги тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган қўшма қарор лойиҳасида маълум қилинди.

Ҳужжат Туризм қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 468-сон қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга кириши назарда тутилган.

Низомга кўра, гид (гид-таржимон) туризм ташриф объектида касбий вазифаларини бажариш вақтида қонунчиликда белгиланган тартибда берилган бейжикни устки кийимининг кўринадиган қисмида тақиб юриши шарт. Бейжикни расмийлаштириш, бериш, алмаштириш ва дубликатини бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарори асосида амалга оширилади.

Назорат ва давлат органларининг ваколатлари


Бейжиклар мавжудлиги ва улардан белгиланган тартибда фойдаланилиши устидан бевосита назорат Ички ишлар вазирлигининг ваколатли бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Туризм қўмитаси идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштиради ҳамда Ягона электрон реестр юритилишини таъминлайди.
Маданий мерос агентлиги моддий маданий мерос объектларини бошқарувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда гидларнинг бейжиклар асосида объектларга бепул киришини таъминлайди.

Бейжик тақдим этмаган гидларнинг объектларга бепул кириши ва экскурсия ўтказиши тақиқланади, аниқланган қоидабузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берилади.

Дин ишлари бўйича қўмита эса диний туризм объектларида талабларни тушунтириш ва эҳтимолий қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотларни етказишга кўмаклашади.

Бейжикка қўйиладиган талаблар ва тақиқлар
Идентификация картасининг олд томонида Туризм қўмитаси номи, «ГИД (ГИД-ТАРЖИМОН) ИДЕНТИФИКАЦИЯ КАРТАСИ» ёзуви, гиднинг рангли фотосурати, фамилияси, исми ва отасининг исми, касбий фаолият тури («Гид» ёки «Гид-таржимон»), ягона идентификация рақами ҳамда Ягона электрон реестр орқали ҳақиқийлигини текширувчи QR-код акс эттирилади.

Орқа томонида эса Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти номи, бейжик берилган сана, касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи, экскурсия тили ва реестрнинг расмий электрон манзили жойлаштирилади.

Гидларга қуйидагилар тақиқланади:

• бошқа шахсга тегишли бейжикдан фойдаланиш;
• ўз бейжигини бошқа шахсга касбий фаолиятда фойдаланиш учун бериш;
• қалбакилаштирилган ёки қонунга хилоф равишда ўзгартирилган бейжикдан фойдаланиш;
• бейжикдаги идентификация маълумотларини қасддан беркитиш ёки ўзгартириш.

Текширув тартиби ва кўриладиган чоралар
Назорат визуал текшириш, бейжикдаги маълумотларни Ягона электрон реестр билан солиштириш ҳамда асосли шубҳа туғилганда ваколатли органга сўров юбориш усулларида ўтказилади.

Текширув туристларнинг дам олиши ва экскурсия дастурига имкон қадар халақит бермаган ҳолда, энг қисқа муддатда амалга оширилади.

Назорат натижаларига кўра қуйидаги чоралар белгиланган:

— Бейжик йўқ, аммо сертификат амалда бўлса:
ҳолат қайд этилади, гидга талаблар тушунтирилади ва ҳолатга аниқлик киритиш учун Туризм қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси орқали Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига маълумот юборилади.

— Малака сертификати мавжуд бўлмаса, тўхтатилган ёки бекор қилинган бўлса: далолатнома расмийлаштирилади ва гид экскурсия хизматини дарҳол тўхтатиши лозимлиги ҳақида ёзма хабардор қилинади. Экскурсия туроператор томонидан ташкил этилган бўлса, унга зудлик билан хабар берилиб, амалдаги сертификатга эга бошқа гид орқали хизматни давом эттириш зарурлиги билдирилади. Далолатнома бир иш куни ичида Туризм қўмитаси ва сертификат берувчи органга юборилади. Фаолият давом эттирилса ёки ҳолат такроран аниқланса, материаллар жавобгарлик чораларини қўллаш учун ваколатли органга тақдим этилади.

— Қалбаки ёки бегона бейжик аломатлари аниқланса:
маълумотлар сертификат берувчи органга, ҳужжатни қалбакилаштириш ёки бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганда эса тегишли ички ишлар органига юборилади.

Ҳуқуқий чегаралар ва маълумотлар ҳимояси


Лойиҳада алоҳида таъкидланишича, «мазкур Низом янги турдаги касбий рухсатнома, маъмурий жавобгарлик чораси ёки давлат органларининг қонунчиликда белгиланмаган қўшимча nazorat ваколатларини жорий этмайди».

Шунингдек, Ягона электрон реестрда вақтинчалик техник носозлик мавжудлиги шахсни ҳуқуқбузар деб топиш учун мустақил асос ҳисобланмайди.

Ҳужжатда биометрик назорат масаласига ҳам аниқлик киритилган: «Ушбу Низом гидларни (гид-таржимонларни) юз тасвирини автоматик таниб олиш воситалари орқали идентификация қилиш, биометрик маълумотлар базасини ташкил этиш ёки туризм ташриф объектларида автоматлаштирилган биометрия назоратини жорий этишнинг мустақил ҳуқуқий асоси ҳисобланмайди».

Назоратни амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid