Ўзбекистонда инфляция: март ойидаги трендлар ва иқтисодий таҳлил

Bugun 15:153 daqiqa

Март ойидаги иқтисодий кўрсаткичлар мамлакатда инфляцион жараёнларнинг мураккаб, аммо маълум маънода барқарорлашаётган манзарасини чизди. Ойлик ва йиллик кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ ҳамда товарлар гуруҳидаги номутаносибликлар иқтисодиётдаги ички ва ташқи босимларнинг аксидир.

Ўзбекистонда инфляция: март ойидаги трендлар ва иқтисодий таҳлил

Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, йиллик инфляция 7,1 фоизгача секинлашган бўлса-да, озиқ-овқат ва хизматлар нархидаги динамика асосий босим нуқталари бўлиб қолмоқда.

Инфляция динамикаси пасайишда

Март ойида истеъмол нархлари индекси 0,6 фоизлик ўсишни қайд этди. Бу феврал ойидаги кўрсаткич билан бир хил бўлса-да, йиллик инфляция 7,1 фоизгача секинлашди (февралда 7,3 фоиз эди). Йиллик кўрсаткичнинг пасайишига асосан «юқори база эффекти» сабаб бўлди: 2025 йилнинг март ойидаги юқори инфляция (0,9 фоиз) ҳисобдан чиқиб, ўрнига пастроқ кўрсаткич кирди. Шунингдек, гўшт маҳсулотлари, сабзи ва авиаташиш хизматларидаги нарх ўсишининг секинлашгани умумий трендга ижобий таъсир кўрсатди.

Озиқ-овқатлардаги босим

Ойлик инфляция таркибига назар ташланса, нархи энг кўп ошган 20 та товарнинг 19 таси айнан озиқ-овқат маҳсулотларидир. Хусусан, март ойида помидор (11,5 фоиз),  булғор қалампири (10 фоиз),  картошка (9,8 фоиз), қовоқ (9,4 фоиз) кабилар нархи юқори ўсган товарлар бўлган. Шунингдек, ой давомида мол гўшти 1,8 фоизга ошган. Озиқ-овқат нархларининг ой давомида нисбатан юқори ўсиши, март ойининг нисбатан совуқ келиши ҳамда яқин шарқдаги кескинликлар билан изоҳланиши мумкин.

Шу билан бирга, vарт ойида бодринг нархи энг юқори пасайган (–20,7 фоиз). Шунингдек, карам (–4,7 фоиз),  пиёз (–4,6 фоиз) каби озиқ-овқатлар нархи ҳам юқори пасайган.

Йил давомида нархи энг юқори пасайган товар қовоқ бўлган (–51,9 фоиз). Шунингдек, гуруч (узун бошоқли –13,2 фоиз, юмалоқ бошоқли –12,6 фоиз), пиёз (–9,2 фоиз) каби муҳим озиқ-овқатлар нархида нисбатан юқори пасайиш қайд этилган.

Йиллик ҳисобда лимон нархи энг кўп (91,4 фоиз) кўтарилган мева бўлган. Шунингдек, йиллар бўйича таққосланганда қўй гўшти (18,2 фоиз), тухум (17,1 фоиз) каби муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари ўсиш рўйхатидан жой олган.

Хизматлар соҳаси доминантлиги

Агар озиқ-овқатлар ойлик инфляциянинг «двигатели» бўлган бўлса, хизматлар йиллик инфляциянинг асосий драйвери бўлиб қолмоқда. Йиллик ҳисобда энг кўп қимматлашган 20 та позициянинг 12 таси хизматлар соҳасига тегишли.

Суғурта ва транспорт: Йиллик ҳисобда транспорт воситаларини суғурталаш (281,8 фоиз), троллейбус ҳақи (100 фоиз), нархлари энг юқори ошган товарлар бўлган. Бундан ташқари, ички ва халқаро ҳаво транспорти (мос равишда –10,9 фоиз ва –5,4 фоиз), пул ўтказмалари учун ҳақ (–6,6 фоиз) каби хизматлар нархида пасайиш қайд этилган.  

Энергия ва ёқилғи: Ноозиқ-овқатлардан шахсий транспорт воситалари учун пропан (–3,2 фоиз),  бензин АИ-95 ва АИ-92 (тегишлича –1,3 фоиз ва –0,9 фоиз), шунингдек АИ-98 (–0,4 фоиз) нархлари юқори пасайган товарлар бўлган.

Муқобил инфляция прогнозлари

Март ойида ойлик йилликка тенглаштирилган инфляция 7,4 фоизни ташкил этган.

Тозаланган инфляция: Мева ва сабзавотлар таъсирини чиқариб ташлаганда, инфляция 6,2 фоизни ташкил этмоқда.

Келажак прогнози: Агар сўнгги уч ойлик суръат сақланиб қолса, келаси йилга бориб йиллик инфляция 7,9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Мавсумий омиллар: 6 ойлик йилликка тенглаштирилган инфляциянинг 8,4 фоизлиги асосан мавсумий омиллар билан боғлиқ. Ушбу омилларсиз ҳисобланганда, кўрсаткич Марказий банкнинг ўрта муддатли таргетига (мақсадига) яқин шаклланмоқда.

Март ойи таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон иқтисодиётида инфляция жиловланишда давом этмоқда, бироқ хизматлар нархининг юқори суръатда ўсиши ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ташқи омилларга таъсирчанлиги асосий хатарлар сифатида қолмоқда.

Аввлроқ Президент Ш.Мирзиёев 2026-йилда инфляцияни 6-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолишни энг муҳим вазифа этиб белгилагани ҳақида хабар берган эдик.

Шунингдек, феврал ойида нималар қимматлагани ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишинг.

Teglar

Mavzuga oid