Logo

Ўзбекистонда иш берувчиларга шаҳвоний шилқимликка қарши чора кўриш мажбурияти юклатилди

Bugun 18:302 daqiqa

Янги қонун меҳнат жамоаларида номақбул шаҳвоний хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликни белгилади. Иш берувчилар энди бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун масъул бўлади.

Ўзбекистонда иш берувчиларга шаҳвоний шилқимликка қарши чора кўриш мажбурияти юклатилди © istock

2026-йил 13-ноябрдаги ЎРҚ–1189-сонли қонун билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймаслик бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Янги нормаларга мувофиқ, меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимлик тақиқланди. Шунингдек, қонунда ушбу тушунчанинг ҳуқуқий таърифи ҳам белгиланди.

Унга кўра, шахс учун номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган ҳамда шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатлар шаҳвоний шилқимлик ҳисобланади.

Қандай ҳаракатлар тақиқланади?

Қонунда шаҳвоний шилқимлик сифатида баҳоланадиган ҳаракатлар ҳам санаб ўтилган. Жумладан, шахснинг ташқи қиёфаси ёки қадди-қомати ҳақида шаҳвоний мазмундаги номақбул изоҳлар бериш, шаҳвоний хусусиятга эга имо-ишоралар қилиш шулар жумласидан.

Шунингдек, шахсга номақбул тарзда жисмоний тегиниш, шаҳвоний мазмундаги чақириқ ва мурожаатлар қилиш ҳам ушбу тушунча доирасига киритилган.

Қонундаги таърифга кўра, бундай ҳаракатлар шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилувчи, унинг учун номақбул бўлган хатти-ҳаракатлар сифатида белгиланган.

Иш берувчилар масъул бўлади

Янги қонун билан иш берувчилар зиммасига ҳам алоҳида мажбурият юклатилди. Улар меҳнат жамоасида шаҳвоний шилқимликдан холи муҳит яратиш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.

Мазкур ўзгартиришлар ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларида хавфсиз ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни таъминлашга қаратилган.

ЎРҚ–1189-сонли қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган. Қонунчилик маълумотлари миллий базасида келтирилган маълумотга кўра, ҳужжат 2026-йил 13-ноябрдан амал қила бошлаган.

Teglar

Mavzuga oid