Ўзбекистонда жамоат транспорти тўловлари 30 фоизга ошди
2026-йил сентябрида жамоат транспортида 81,1 млн транзаксия амалга оширилди. Энг кўп транзаксиялар банк карталари орқали амалга оширилган.
© vaqt.uz2026-йил сентябрида Ўзбекистон жамоат транспортида амалга оширилган тўловлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ошиб, 81,1 млн транзаксияни ташкил этди. Бу ҳақда АТТО компанияси ойлик статистик маълумотларида хабар берди.
Ҳисобот даврида банк карталари орқали тўловлар сони 60 млн тага етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61 фоизлик ўсишни англатади.
Транспорт карталари орқали эса 14,4 млн транзаксия амалга оширилди. Ушбу кўрсаткич жамоат транспортида электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш кўламини кўрсатувчи асосий рақамлардан бири ҳисобланади.
Метро йўловчилари мобил QR-код орқали 1,9 млн марта тўлов қилди. Шунингдек, виртуал АТТО карталари ёрдамида амалга оширилган транзаксиялар сони 585 101 тани ташкил этди.

Ҳудудларда ўсиш тезлашди
АТТО маълумотларида республика ҳудудларидаги тўловлар динамикаси ҳам алоҳида қайд этилган. Сентябрда ҳудудларда транзаксиялар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 133 фоизга ошиб, 23,6 млн тага етди. Энг кўп транзаксиялар Самарқанд, Урганч ва Қарши шаҳарларида амалга оширилган.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Транспорт вазирлиги автобуслар кечикиши ва бир бекатга учта автобус бир вақтда келиб қолишига изоҳ берганди.





