Logo

Ўзбекистонда учта банк 40 млн долларлик облигация чиқармоқда

Bugun 16:482 daqiqa

«Asia Alliance Bank», «Universal Bank» ва «Poytaxt Bank» маҳаллий капитал бозорида доллардаги облигациялар орқали жами 40 млн доллар жалб қилмоқда. Облигацияларнинг йиллик даромадлилиги 7–8,5 фоиз, муомала муддати эса 1-йилдан 3-йилгача этиб белгиланган.

Ўзбекистонда учта банк 40 млн долларлик облигация чиқармоқда

«Asia Alliance Bank», «Universal Bank» ва «Poytaxt Bank» маҳаллий капитал бозори орқали АҚШ долларида жами 40 млн доллар жалб қилишга киришди.

Улар орасида «Asia Alliance Bank»нинг 20 млн долларлик эмиссияси хорижий валютада номиналланган корпоратив облигациялар орасида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилди. Банк ҳар бири 100 долларлик 200 минг дона облигация чиқаради. Уларнинг муомала муддати уч йил, йиллик купон даромадлилиги 7 фоизни ташкил этади. Фоизлар ҳар чоракда тўланади.

«Universal Bank» 10 млн долларлик облигациялар чиқаради. 100 доллар номинал қийматдаги 100 минг дона қимматли қоғоз икки йил муддатга мўлжалланган. Йиллик даромадлилик 8,5 фоиз бўлиб, купон ҳар 90 кунда тўланади.

«Poytaxt Bank» ҳам 10 млн долларлик эмиссияни тасдиқлаган. Банк 100 минг дона облигацияни очиқ обуна орқали жойлаштиради. Уларнинг муомала муддати 365 кун, йиллик ставкаси 8,5 фоиз. Фоизлар 12 та оралиқ даврга бўлинган ҳолда ҳисобланади. Эмиссия учун алоҳида таъминот кўзда тутилмаган.

Маълумот учун, долларда облигацияларни маҳаллий бозорда чиқариш имконияти 2025-йил 18-декабрдаги президент фармони билан яратилган.

Кейинчалик бундай қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш, муомалага киритиш ва сўндириш тартиби «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида белгилаб берилди. Унга кўра, бир эмитентнинг муомаладаги хорижий валютада номиналланган облигациялари умумий ҳажми 50 млн доллардан ошмаслиги керак.

Янги инструмент банкларга доллар ресурсларини омонатлар ва ташқи қарзлардан ташқари, маҳаллий капитал бозори орқали ҳам жалб қилиш имконини беради.

Бу бозорда инвесторлар учун ҳам янги имконият пайдо бўлмоқда. Улар маблағини сўмдаги қимматли қоғозларга эмас, номинал қиймати ва купон даромади АҚШ долларида ҳисобланадиган облигацияларга жойлаштириши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid