Ўзбекистондан кетиши мумкин бўлган корейс банки, Тармоқлардаги ўлат ваҳимаси бўйича расмий баёнот ва Таълим ва илм-фан вазирлигининг янги вазифалари — 7 октябрь дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлайдиган яна бешта завод қуришга қанча сумма кетиши айтилди
Ўзбекистонда Хитой ва Жанубий Корея компанияларининг 625 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобига маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи яна бешта янги завод қурилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва қатор вилоятларни қамраб олувчи ушбу лойиҳалар тўлиқ ишга тушгач, йилига 1,9 миллион тонна чиқинди қайта ишланиб, 635 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 158 миллион куб метр табиий газ тежалади.
Мазкур ташаббус аввалроқ 933 миллион доллар эвазига бошланган 6 та завод қурилишининг иккинчи босқичи бўлиб, икки босқичда умумий қиймати 1 миллиард 558 миллион долларлик жами 11 та лойиҳа амалга оширилади. 2027–2028 йилларда босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилган мазкур заводларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзэнергосотиш» АЖ 30 йил давомида кафолатланган тарзда сотиб олади.
Корея тараққиёт банки Ўзбекистондаги филиалини сотишни кўриб чиқмоқда
Корея тараққиёт банки (KDB) ўзининг хориждаги 25 та филиали фаолиятини қайта кўриб чиқиш доирасида Ўзбекистондаги «KDB Uzbekistan» банкини сотишни кўриб чиқмоқда. Ҳозирча ушбу масала юзасидан якуний қарор қабул қилинмаган. Мазкур жараён доирасида банк айрим давлатларда ўз фаолиятини қисқартириш ва ўсиш салоҳияти юқори ҳудудларда кенгайтиришни мақсад қилган. Маълумот ўрнида, KDB Ўзбекистон бозорига 2006 йилда кириб келган бўлиб, ҳозирда банк акцияларининг 86,32 фоизига эгалик қилади.
Ушбу эҳтимолий сотув бошқа Жанубий Корея банкларининг Ўзбекистонга фаол кириб келаётган вақтига тўғри келмоқда. Хусусан, ҳозирда «Shinhan Bank» мамлакатимизда маҳаллий шўба компаниясини, «Hana Bank» эса ўз ваколатхонасини очиш устида иш олиб бормоқда. Нашр маълумотларига кўра, агар «KDB Uzbekistan» сотиладиган бўлса, унинг эҳтимолий харидорлари ҳам айнан Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётган бошқа корейс банклари бўлиши тахмин қилинмоқда.
Ўлат хавфи ва чегаралардаги назорат: Ўзбекистонда вазият қандай?
Россиянинг Иркутск шаҳрида ўлат касаллиги бўйича гумон қилиниш ҳолати қайд этилгани ҳақидаги хабарлар ортидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда вазият барқарор эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Иркутскдаги ҳолат юзасидан олиб борилаётган текширувлар ҳали ўлатни тасдиқламаган ҳамда бемор билан мулоқотда бўлганларда касаллик аломатлари аниқланмаган, шу сабабли аҳолининг хавотирланишига ҳеч қандай асос йўқ.
Мамлакатда ўта хавфли юқумли хасталикларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатъий назорат тизими йўлга қўйилган. Хусусан, давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларидаги 53 та санитария назорат пункти орқали келувчилар тиббий кузатувдан ўтказилмоқда, шунингдек, ҳудудий ихтисослашган лабораториялар зарур барча диагностик воситалар ва реагентлар билан тўлиқ таъминланган.
Президент янги Таълим ва илм-фан вазирлиги олдига қатор вазифалар қўйди
Президент Шавкат Мирзиёев Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларининг бирлаштирилиши натижасида янги ташкил этилган Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолияти бўйича тақдимот билан танишди. Мазкур ўзгаришдан асосий мақсад — боғчадан то олий таълим ва илмий фаолиятгача бўлган босқичлар ўртасидаги узвийликни таъминлаш, таълим ҳамда илм-фаннинг яхлит тизимини шакллантириш орқали инсон капиталини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишдир. Вазирлик олдига тизимни ягона ёндашув асосида бошқариш, рақамлаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш вазифалари қўйилди.
Тақдимот давомида таълимнинг ҳар бир босқичини такомиллаштириш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Хусусан, мактабгача таълимда болалар қобилиятини эрта аниқлаш, мактабларда дарсликларни янгилаш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш ва айрим мактабларда инглиз тилида таълим бериш тажрибасини ўтказиш таклиф қилинди. Шунингдек, касбий таълимни амалиёт билан боғлаш, олийгоҳлар мустақиллигини кенгайтириш ва илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари барча босқичлар ягона вертикал сифатида ишлаши, таълим сифатини ошириш ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.





