Logo

Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлайдиган яна бешта завод қуришга қанча сумма кетиши айтилди

Уларни қуришга Хитой ва Жанубий Корея пул беряпти. Заводларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзэнергосотиш» АЖ 30 йил давомида кафолатланган тарзда сотиб олади.

Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлайдиган яна бешта завод қуришга қанча сумма кетиши айтилди © Ekologiya qo'mitasi

Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни иссиқлик ёрдамида қайта ишлаб, электр энергияси ишлаб чиқарадиган бешта замонавий завод қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилди.

Лойиҳаларга 625 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция йўналтирилади. Улар Хитойнинг «Beijing China Sciences Runyu Environmental Technology», «Wangneng Environment ва Henan Investment Group» компаниялари, шунингдек, Жанубий Кореянинг «Green Hammer» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Янги заводлар Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларини қамраб олади.

Лойиҳалар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, ҳар йили:

— 1,9 млн тонна қаттиқ маиший чиқинди иссиқлик усулида қайта ишланади;
— 635 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилади;
— 158 млн куб метр табиий газ тежалади;
— иссиқхона газлари чиқиндиси 316 минг тоннагача камаяди.

Агентлик маълумотига кўра, бу каби лойиҳаларнинг иккинчи босқичи ҳисобланади. Биринчи босқич доирасида Хитой компаниялари хорижий инвестициялар ҳисобидан 933 млн долларлик олтита завод қуришни бошлаган. Биринчи босқичдаги лойиҳалар Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрини қамраб олади.

Шундай қилиб, икки босқич доирасида умумий қиймати 1 млрд 558 млн доллар бўлган 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ягона тизимини яратиш имконини беради.

Барча заводларни босқичма-босқич 2027–2028-йилларда ишга тушириш режалаштирилган. Корхоналар тўлиқ қувватга чиққач, жами йилига 5,4 млн тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланади ва 2,2 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Таъкидланишича, электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш бўйича тузилган келишувларга мувофиқ, заводларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзэнергосотиш» АЖ 30 йил давомида кафолатланган тарзда сотиб олади. Бу эса лойиҳаларнинг узоқ муддатли ва барқарор ишлашини таъминлаши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда чиқиндидан электр олиш учун қарийб 1 млрд долларга 6 та завод қурилиши айтилганди.

Теглар

Мавзуга оид