Ўзбекистонлик астрономлар NASA'нинг халқаро мукофоти билан тақдирланди

23.02.2026 | 11:551 daqiqa

NASAнинг DART космик миссиясида қатнашган ўзбекистонлик астрономлар халқаро мукофот билан тақдирланди.

Ўзбекистонлик астрономлар NASA'нинг халқаро мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти олимлари — ф.-м.ф.н., Галактика астрономияси лабораторияси мудири Отабек Бурхонов ва PhD, катта илмий ходим Камолиддин Эргашев NASAнинг «Group Achievement Award» мукофоти билан тақдирланди. Мукофот NASA томонидан «Double Asteroid Redirection Test» (DART) халқаро космик миссияси доирасида қўлга киритилган илмий натижа учун берилди.

DART миссияси

DART миссияси инсоният тарихида биринчи марта астероид орбитасини мақсадли равишда ўзгартиришга қаратилган сайёравий ҳимоя тажрибаси ҳисобланади. 2022 йил 26 сентябрда космик кема Dimorphos астероидига кинетик зарба берди. У Didymos тизимининг йўлдоши бўлиб, зарба натижасида унинг орбитал даври ўзгарди.

1

Энг муҳим жиҳат шундаки, мазкур ўзгариш Ер ва космик телескоплар орқали аниқ ўлчанди. Бу инсон томонидан астероид орбитасини сунъий равишда ўзгартириш ва унинг натижасини экспериментал тасдиқлаш бўйича илк амалиёт бўлди.

1

Ўзбекистонлик олимлар DART миссиясининг ердан кузатувлар бўйича ишчи гуруҳи таркибида Maydanak Observatory телескоплари орқали фаол иштирок этди. Улар зарбадан олдинги ва кейинги фотометрик кузатувлар асосида астероид тизимининг орбитал давридаги ўзгаришни аниқлаб, юқори аниқликда ҳисоб-китоб қилди.

Айнан шу ўлчов натижалари DART тажрибасининг муваффақиятли амалга оширилганини илмий жиҳатдан тасдиқлади. Мутахассисларнинг халқаро лойиҳадаги иштироки мамлакат илм-фан салоҳиятининг юксалишини намоён этди.

Teglar

Mavzuga oid