Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ярмидан кўпи АҚШ визасини ололмади
ЖЧ—2026 ўйинларини стадиондан кузатишни режалаштирган минглаб мухлислар, жумладан ўзбекистонликлар ҳам АҚШ визасини олишда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда.
© Husniddin AtoЖаҳон чемпионати—2026 мусобақасига мезбонлик қилаётган АҚШ, Канада ва Мексикадаги қатъий иммиграция қоидалари кўплаб футбол мухлислари учун турнирни жойида томоша қилиш имкониятини чекламоқда. BBC таҳлилларига кўра, мундиал иштирокчиларининг чорак қисмидан ортиғи саёҳат тақиқлари ёки виза рад этиш кўрсаткичлари билан юзлашмоқда.
Хусусан, АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, ЖЧ—2026 йўлланмасини қўлга киритган 11 давлат фуқаролари учун виза рад этиш даражаси 40 фоиздан юқори. Ўзбекистон ҳам мазкур рўйхатдан ўрин олган давлатлар қаторида бўлиб, ўзбекистонлик аризачиларнинг ярмидан кўпроғи АҚШ визасини ололмаган.
Ироқлик мухлис Абдулла Аднан мисоли муаммонинг амалий кўринишини намоён этмоқда. У Бостон ва Филадельфиядаги ўйинларга чипта сотиб олган бўлса-да, АҚШнинг Ироқдаги консуллик хизмати тўхтатилгани ва Иорданиядаги элчихона уни қабул қилмагани сабабли сафар режасини амалга ошира олмаган. Натижада у қарийб 1800 доллар зарар кўрган.
Қатъий сиёсат таъсири
Мутахассислар вазиятни Доналд Трамп маъмурияти олиб бораётган қатъий иммиграция сиёсати билан боғламоқда. Саёҳат чекловлари қўлланилаётган давлатлар қаторида Гаити, Эрон, Сенегал ва Кот-д’Ивуар ҳам бор. Бу мамлакатлар фуқаролари учун АҚШ визасини олиш анча мушкуллашган.
ЖЧ—2026 мусобақаси АҚШ, Канада ва Мексика ҳамкорлигида ўтказилаётган бўлса-да, 104 та ўйиннинг 78 таси, жумладан финал баҳси ҳам АҚШ шаҳарларида ташкил этилади.
ФИФА мухлисларга консулликларда навбатни тезлаштириш мақсадида «FIFA Pass» тизимини жорий этган. Бироқ экспертлар бу ҳужжат виза тасдиқланишини кафолатламаслигини таъкидламоқда. АҚШ расмийлари эса текширувларни миллий хавфсизлик ва ноқонуний миграция хавфини камайтириш зарурати билан изоҳламоқда.
Бошқа мезбонларда ҳам муаммо
Виза билан боғлиқ қийинчиликлар фақат АҚШ билан чекланмайди. Мусобақанинг бошқа мезбонлари — Канада ва Мексикада ҳам айрим мамлакатлар фуқаролари учун маъмурий тўсиқлар сақланиб қолмоқда.
Масалан, Мексиканинг Ўзбекистон, Ироқ, Сенегал ва Кот-д’Ивуар каби саккиз иштирокчи давлатда дипломатик ваколатхонаси йўқ. Бу эса мазкур мамлакатлар мухлислари учун виза расмийлаштириш жараёнини янада мураккаблаштириб, ЖЧ—2026 ўйинларига бориш имкониятини пасайтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11 июн куни бошланиб, 19 июлга қадар давом этади.





