Logo

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий бадални 4,5 бараварга ошириш таклиф қилинди

Bugun 08:252 daqiqa

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун ижтимоий бадални қарийб 4,5 бараварга ошириш таклиф этилди. Агар ташаббус маъқулланса, ҳозир йилига 440 минг сўмни ташкил этаётган ихтиёрий бадал қарийб 2 млн сўмга етади.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий бадални 4,5 бараварга ошириш таклиф қилинди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун ижтимоий тўловлар тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус яқинда ўтказилган фискал мулоқот давомида муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz журналисти.

Институт мутахассисларининг фикрича, бугунги кунда икки тоифа учун амал қилаётган ижтимоий тўловлар ўртасида сезиларли тафовут мавжуд.

Тўловлар ўртасидаги фарқ 12 баравар

Амалдаги тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар ой камида 1 БҲМ миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди. Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб бу сумма 440 минг сўмни ташкил этади. Натижада ЯТТнинг йиллик мажбурий тўлови 5 млн 280 минг сўмга етади.

image_2026-08-02_20-57-22

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар эса меҳнат стажини ҳисоблатиш учун йилига ихтиёрий равишда 1 БҲМ тўлаши мумкин. Бу йилига 440 минг сўм, ойига эса ўртача 36,7 минг сўмни ташкил этади.

Шу сабабли икки тоифа учун белгиланган тўловлар ўртасидаги фарқ 12 бараварни ташкил қилмоқда.

Ҳисоблаш базасини БҲМдан МҲТЭКга ўтказиш таклиф этилди

Институт халқаро тажрибада ўзини ўзи банд қилганлар учун одатда ягона тоифа қўлланилишини таъкидлади. Кўплаб мамлакатларда ижтимоий бадаллар декларация қилинган даромад ёки меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭК) асосида ҳисобланади.

Шу муносабат билан ижтимоий тўловларни БҲМ эмас, балки МҲТЭК асосида ҳисоблаш таклиф қилинмоқда.

Таклифга кўра, ижтимоий бадал ставкаси МҲТЭКнинг 12 фоизи этиб белгиланади. Амалдаги энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб, бу ойига 163,2 минг сўм, йилига эса қарийб 1,96 млн сўмни ташкил этади.

Бу эса ўзини ўзи банд қилганлар томонидан ҳозир тўланаётган ихтиёрий бадалдан қарийб 4,5 баравар кўп.

Ўзгаришлар босқичма-босқич жорий этилиши мумкин

Институт маълумотига кўра, янги тизим бирданига эмас, босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.

Дастлаб ойлик ижтимоий бадал 50 минг сўм атрофида белгиланиши, кейинчалик эса тасдиқланадиган график асосида босқичма-босқич 163,2 минг сўмгача оширилиши таклиф этилган.

Ҳозирча бу ташаббус муҳокама босқичида бўлиб, уни амалиётга жорий этиш юзасидан якуний қарор қабул қилинмаган.

Vaqt.uz аввалроқ ёлғон бандлик статистикаси ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар мурожаатларини ўрганиб, масала юзасидан Бандлик вазирлигидан изоҳ олганди.

Teglar

Mavzuga oid