Logo

«Пашинян 50 фоиздан кам овоз олди — ва бу «мағлубият»: Кремл Россия ОАВларига сайловлар ҳақида қандай ёзишни буюрди?

Kecha 22:263 daqiqa

Кремл позициясига кўра, Арманистон Бош вазирининг «легитимлигига шубҳа уйғотиш» учун сайловдаги қоидабузарликлар ҳақида кўпроқ ёзиш керак.

«Пашинян 50 фоиздан кам овоз олди — ва бу «мағлубият»: Кремл Россия ОАВларига сайловлар ҳақида қандай ёзишни буюрди?

Россия Федерацияси Президенти маъмурияти давлатга қарашли ва ҳукуматга содиқ ОАВларга ўз материалларида Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси сайловларда 50 фоиздан кам овоз олганини таъкидлашни «тавсия қилди». Бу ҳақда «Meduza» Кремлга содиқ йирик ОАВлардан бирининг ходимига таяниб, хабар берди.

ОАВ ходимларига сайлов натижаларини Пашиняннинг «мағлубияти» сифатида тақдим этиш кўрсатмаси берилган ва айнан шу сўздан фойдаланиш тавсия қилинган. Бундан ташқари, Россия президенти маъмуриятининг сиёсий блоки Пашиняннинг «легитимлигига шубҳа уйғотиш» мақсадида сайловларда йўл қўйилган қоидабузарликларга урғу беришни «тавсия қилмоқда».

Арманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, «Фуқаролик шартномаси» сайлов якунлари бўйича 49,81 фоиз овоз тўплади. Пашинян партияси парламентдаги 105 ўриндан 61 тасини қўлга киритди.

Россия телеканалларида сайловлар ҳақида қандай гапирилди


Первый канал: «Расмий маълумотларга кўра, Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси 50 фоизга сал етмайдиган овоз тўпламоқда, аммо ҳукуматни якка ўзи шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритяпти».


«Россия 1»: «Арманистон МСК овозларни санашни якунлади, ҳукмрон «Фуқаролик шартномаси» партияси 50 фоиздан кам овоз олди, мухолифат эса, мисли кўрилмаган босимларга қарамай, жами 40 фоизга яқин — бу бош вазир Никол Пашинян сиёсатига қарши 460 минг овоз деганидир».


НТВ: «Дастлабки маълумотларга кўра, Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси 49 фоиздан ортиқ овоз тўпламоқда».

Давлат агентликлари ва ҳукуматга содиқ бошқа ОАВлар сайловлар ҳақида қандай ёзди

РИА Новости: Сайлов натижалари ҳақидаги хабар «Пашинян партияси Арманистондаги сайловларда 50 фоиз овоз тўплай олмади» сарлавҳаси остида чиқди. Кейинроқ агентлик сайтидаги асосий хабар «Арманистон ҳукумати сайловларни ўтказиш тартибларини қўпол равишда бузди, деди Захарова» номли мақолага ўзгарди.


РИА Новости шунингдек, «Ереванда кўплаб сайловчилар сайлов натижаларидан ҳафсаласи пир бўлгани», МДҲ Парламентлараро ассамблеяси эса «сайловлардаги оғир муҳит ҳақида гапириб бергани» ҳақида ёзди. Сайлов бюллетенларини қайта ишлаш жараёни давомида давлат агентлиги «сайловларда Пашинян партиясининг устунлиги қисқаргани», кейин эса «пасайишда давом этгани» ҳақида хабар бериб борди.


Бундан ташқари, РИА Новости агентлик шарҳловчиси Ирина Алкснис томонидан ёзилган «Никол Пашиняннинг пирр ғалабаси» (жуда катта йўқотишлар эвазига эришилган ғалаба) номли мақолани эълон қилди.

ТАСС: Сайлов якунлари ҳақидаги хабар «Арманистон МСК: Пашинян партияси дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 49,81 фоиз овоз олди» сарлавҳаси билан чиқди.


Бундан ташқари, агентлик қуйидаги хабарларни эълон қилди: «Песков: Россия Арманистондаги сайловлардаги кўплаб қоидабузарликлар ҳақидаги хабарларни кўрмоқда».


«Захарова: Арманистондаги сайловлар мухолифатга босим ўтказиш фонида ўтди».


«Захарова: Арманистондаги кампания давомидаги таъқиблар РФ билан алоқани сақлаб турганларга қаратилди».
«Эксперт Ованнисян: Пашинян партияси конституциявий кўпчиликка эриша олмади».


«МДҲ Парламентлараро ассамблеясида Арманистондаги сайловлар давомида ҳибсга олишлар кўп бўлгани қайд этилди».


Шу билан бирга, ТАСС «Пашинян партияси вазирлар маҳкамасини якка ўзи шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритди. Арманистондаги сайлов якунлари» сарлавҳаси остида шарҳли материални ҳам эълон қилган.

«Интерфакс»: Агентлик сайлов якунларини қуйидаги хабар билан сарҳисоб қилди: «Пашинян партияси Арманистондаги сайловларда 100 фоиз овозлар санаб чиқилгач 49,81 фоиз тўплади». «Интерфакс» шунингдек, Кремл Арманистондаги сайловлар давомидаги қоидабузарликлар ҳақидаги хабарларни қайд этаётгани ҳақида ёзди.

«Ведомости»: «Арманистондаги сайлов якунлари: Пашинян партияси 50% дан кам овоз олди».
«Кремл Арманистондаги сайловлардаги қоидабузарликлар ҳақидаги хабарларни қайд этмоқда».

РБК: Нашр сайтида сарлавҳасида сайлов ғолиби умуман кўрсатилмаган материал чиқди: «Арманистондаги парламент сайловлари якунлари. Асосийлари». Москва вақти билан соат 15:00 ҳолатига кўра, РБК сайтидаги бош хабар «Москва Арманистондаги сайловларда демократик тамойиллар бузилганини маълум қилди» сарлавҳаси остида турди.

Teglar

Mavzuga oid