Logo

Paynet ярим йилда 615 млрд сўм соф фойда олди

Компаниянинг соф фойдаси бир йилда 3,1 баравар ошган. Бироқ 615,5 млрд сўмлик фойданинг 321,1 млрд сўми — ярмидан кўпи Humo’дан олинган дивиденд ҳисобига шаклланган.

Paynet ярим йилда 615 млрд сўм соф фойда олди

«Paynet» АЖ 2026 йилнинг биринчи ярмини 615,5 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 баравар кўп. Бу ҳақда компаниянинг молиявий ҳисоботида маълум қилинди.

Январь—июнь ойларида Paynet’нинг даромади 51 фоизга ошиб, 1 трлн 142,2 млрд сўмга етди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 756,5 млрд сўмни ташкил қилганди.

Даромад билан бирга харажатлар ҳам деярли бир хил суръатда ўсди. Давр харажатлари 49,2 фоизга кўпайиб, 779,5 млрд сўмга етди. Шундан 613,4 млрд сўми сотиш, 125,4 млрд сўми бошқа операцион ва 40,7 млрд сўми маъмурий харажатларга тўғри келади.

Натижада Paynet’нинг асосий фаолиятдан олган фойдаси 54,7 фоизга ошиб, 366 млрд сўмни ташкил қилди. Асосий фаолият рентабеллиги ҳам 31,3 фоиздан 32 фоизга кўтарилган.

Бироқ якуний фойданинг кескин ўсишида асосий омил Humo’дан олинган дивиденд бўлди. Paynet’нинг молиявий фаолиятдан даромади бир йил аввалги 100 млн сўмдан 321,3 млрд сўмга етган. Унинг 321,1 млрд сўми дивиденд даромадидан иборат.

Paynet балансида боғлиқ компанияларга киритилган 867,4 млрд сўмлик узоқ муддатли инвестиция мавжуд. Бу Humo тўлов тизимини бошқарувчи «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖдаги улуш ҳисобланади.

1 июль ҳолатига компаниянинг жами активлари йил бошидан 6,1 фоизга ошиб, 1 трлн 850,6 млрд сўмга етган. Устав капитали 815,3 млрд сўм даражасида сақланиб қолган, захира капитали эса қарийб икки баравар кўпайиб, 40,4 млрд сўмни ташкил қилган.

Шу билан бирга, тақсимланмаган фойда 415,3 млрд сўмдан 391,6 млрд сўмга камайган. Балансдаги ўзгаришлар компания ярим йил давомида 615,5 млрд сўм фойда олганига қарамай, қарийб 639,1 млрд сўм маблағни тақсимлаганини кўрсатади. Шундан 19,8 млрд сўми захира капиталига йўналтирилган.

Paynet’нинг жами мажбуриятлари 22,2 фоизга ошиб, 603,3 млрд сўмга етган. Уларнинг барчаси жорий мажбуриятлардан иборат. Компаниянинг узоқ муддатли мажбуриятлари ва банк кредитлари мавжуд эмас.

Paynet 2025 йилни 395,1 млрд сўм соф фойда билан якунлаганди. Демак, компания жорий йилнинг дастлабки олти ойидаёқ ўтган йил давомида олган фойдасидан 1,6 баравар кўп натижа қайд этган.

Компания 2025 йил январида Humo тўлов тизимини бошқарувчи «Миллий банклараро процессинг маркази»нинг 100 фоиз акцияларини 65 млн долларга сотиб олганди.

Маълумот учун, яна бир йирик тўлов ташкилотларидан бири Payme 2026 йилнинг биринчи ярмида 206 млрд сўм соф фойда олганди. Click’нинг фойдаси эса ҳали расман очиқланмади.

Teglar

Mavzuga oid