Пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даври 5 йилдан 20 йилгача узайтирилиши мумкин
Ўзбекистонда жамғариб бориладиган пенсия тизимини рағбатлантириш, пенсия ҳисоблаш тартибини ўзгартириш ҳамда хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

14-июл куни Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда мамлакатда пенсия миқдори 3,3 баробар оширилди. Бугунги кунда энг кам пенсия 878 минг сўмни ташкил этмоқда, бу эса 715 минг сўмлик минимал истеъмол харажатларидан юқори.
Тақдимотда жамғариб бориладиган пенсия тизими ривожланган мамлакатларда пенсия маблағлари иқтисодиёт учун узоқ муддатли ресурс вазифасини ўтаётгани қайд этилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда пенсия тизими тўғри йўлга қўйилса, иқтисодиётга узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш мумкин. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам тасдиқламоқда.
Шу боис пенсия тизимини илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, жамғариб бориладиган, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳозирда фуқаролар иш ҳақининг 0,1 фоизи жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Ушбу маблағларга ҳисобланадиган йиллик 10 фоизлик даромад банк омонатларидан қарийб икки баробар кам.
Шу муносабат билан мазкур тизимнинг жозибадорлигини ошириш ва аҳолини унда фаол иштирок этишга рағбатлантириш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.
Рағбатлантириш
Хусусан, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача (пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 баравари) бўлган фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча яна 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса тўланган ижтимоий солиқнинг шу миқдордан ошган қисмининг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилди.
Ҳисоблаш тартибини ўзгартириш
Тақдимотда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Амалда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақидан ҳисобланади. Шунингдек, иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди. Бу айрим ҳолларда фуқаролар пенсиясининг ўртача миқдори пасайишига олиб келмоқда.
Шу боис пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда паст даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинди.
Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш кўзда тутилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан 8 фоизга ошириши мумкин.
Шавкат Мирзиёев пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва келажагига дахлдор эканини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини пухта ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Мутасаддиларга ундай масалаларни аҳоли, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва блогерларни жалб қилган ҳолда очиқ муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг мақсади ва кутилаётган натижаларини фуқароларга аниқ тушунтириш, шунингдек, хорижий тажрибани ҳар томонлама пухта ўрганиб, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини яратиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги марта 1-июлда пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилган эди.





