Logo

Пенсияси ошаётган ҳарбийлар, фамилия беришдаги ўзгариш, Путиннинг янги давлатга эҳтимолий ҳужуми, суюлтирилган газ, қўшнисидан ер сўраган Ўзбекистон — 8-август дайжести

Bugun 22:013 daqiqa

Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Пенсияси ошаётган ҳарбийлар, фамилия беришдаги ўзгариш, Путиннинг янги давлатга эҳтимолий ҳужуми, суюлтирилган газ, қўшнисидан ер сўраган Ўзбекистон — 8-август дайжести

Электромобил сотиб олиш учун автокредит фоизининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши мумкин

Лойиҳага кўра, 2026-йил 1-августдан бошлаб қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ошмаган электромобилларни бирламчи бозордан сотиб олиш учун жисмоний шахсларга 300 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда тижорат банклари томонидан ажратилган автокредитлар бўйича фоиз ҳаражатларининг дастлабки 2 йили давомида кредит фоиз ставкасининг 16 фоиздан ошадиган, бироқ 8 фоиз банддан юқори бўлмаган қисми учун компенсация тўланиши кўзда тутилган.

Путин яқин йилларда НАТО давлатларидан бирига ҳужум уюштиришга қарор қилиши мумкин

Ҳозиргача АҚШда Путин Украинадаги жанговар ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда НАТО билан зиддиятни янада кучайтирмайди, деган қараш мавжуд эди. Бироқ ҳозир бу баҳо ўзгарган. Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия-Украина урушида кўзга кўринадиган ютуқлар йўқлиги фонида Россия президенти қандайдир сезиларли ғалабага муҳтож бўлиши мумкин.

Қозоғистонда йўловчили учувчисиз аэротакси илк парвозини амалга оширди

У икки йўловчини ташишга мўлжалланган, соатига 130 километргача тезликда ҳаракатлана олади ва 35 километргача масофани босиб ўтиши мумкин. Қозоғистонда дастлаб 5 дақиқадан 30 дақиқагача давом этадиган намойиш ва туристик йўналишларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу йўналишлар мамлакатнинг табиий, маданий ва тарихий диққатга сазовор жойлари устидан ўтиши мумкин. Кейинчалик учувчисиз йўловчи ҳаво транспорти тизимлари бошқа транспорт турлари билан бир қаторда Қозоғистон транспорт инфратузилмасининг бир қисмига айланиши мумкин.

Суюлтирилган газнинг эркин бозорини шакллантирилади

Энергетика вазири Шерзод Хўжаевнинг айтишича, ҳар бир маҳалланинг барча зарур маълумотларни ўз ичига олган энергетик паспорти шакллантирилади. Электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақида мобил иловалар орқали тезкор маълумот бериб борилади.

Ўзбекистонда отанинг исмини болага фамилия қилиб бериш мумкин бўлади

Сенатнинг 8-август куни бўлиб ўтган 18-ялпи мажлисида отанинг исмини болага фамилия қилиб беришга рухсат этувчи қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Амалда боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми ҳам фамилия қилиб берилиши мумкин. Ота-она ўртасида боланинг исми ёки фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.

Ҳарбийлар пенсиясининг энг юқори миқдори 100 фоизгача оширилади

Ўзбекистонда 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсияни ҳисоблашнинг энг юқори миқдори 75 фоиздан 100 фоизгача оширилмоқда. Қонунда илк бор давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси, хизмат йиллари учун пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш шартлари, уларни ҳисоблаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ягона қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистондан чорва учун ўн минглаб гектар ер сўради

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик инвесторларга Қозоғистон ҳудудида чорва моллари учун ёш ҳайвонларни мустақил равишда сотиб олиш, ем-хашак базасини яратиш ва чорвани боқиб, семиртириш имкониятини бериш таклиф этилмоқда. Ҳайвонлар товар оғирлиги — 400 килограммдан ошганидан кейин Ўзбекистонга экспорт қилиниши мумкин. Лойиҳа амалга оширилса, Қозоғистоннинг агросаноат мажмуасига узоқ муддатли инвестициялар жалб қилиниши ва мамлакатнинг минтақадаги йирик гўшт етказиб берувчи сифатидаги мавқеи янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid