Logo

Пойтахтда яхши яшаш нархи қанча?

07.07.2026 | 16:026 daqiqa

Тошкентга ишлаш ёки ўқиш учун кўчиб келганларни ўйлантирадиган саволлардан бири “Қанча пул бўлса, Тошкентда яхши яшаш мумкин?” Пойтахтда бир кишига уй ижараси ва озиқ– овқатнинг ўзига энг камида 5,5 миллион сўм пул керак. Агар тўрт кишилик оилангиз бўлса, минимум 10 миллион 800 минг сўмни ҳар ойда сарфлайсиз. Хўш, уй ижараси ва овқатланиш учун шунча маблағ керак бўлса, бошқа эҳтиёжлар учун яна қанча маблағ зарур? Vaqt.uz Тошкентда яхши яшаш учун керакли барча харажатларни таҳлил қилиб чиқди.

Кундалик харид савати

Одам яхши яшаши учун, энг аввало, яхши овқатланиши керак. Шунинг учун таҳлилни озиқ– овқат харажатларидан бошлаймиз. Vaqt.uz Тошкентдаги турли бозор ва супермаркетларни ўрганиб, ўртача нархларни ҳисоблаб чиқди. Албатта, нархлар мавсум ва ҳудудга қараб бироз ўзгариши мумкин, лекин бугунги ҳисоб– китоблар айнан ўртача бозор нархларига асосланади.  Ҳар бир хонадонда мунтазам олинадиган энг оддий маҳсулотлар нархи бугунги кунда қуйидагича:

• Сут (1 литр) –  12 000 сўм;

• Гуруч (1 кг) –  13 000 сўм;

• Тухум (10– 12 дона) – 15 000 –  18 000 сўм;

• Нон (1 дона) –  4 500 сўм;

• Ўсимлик ёғи (1 литр) –  брендига қараб 20 000 дан 32 000 сўмгача;

• Мол гўшти (1 кг) –  ўртача 160 000 сўм;

• Товуқ филеси (1 кг) –  51 000 сўм атрофида.

Бунга сабзавот ва меваларни ҳам қўшамиз: помидор 11 000 сўм, пиёз 4 500 сўм, картошка 7 000 сўм, олма 27 000 сўм ва банан 24 000 сўм.

Баъзида ишхонада тушлик қиласиз, баъзида дўстларингиз билан учрашасиз, баъзан эса овқат пиширишга умуман вақт бўлмайди. Шунда кафелар ва ресторанлар харажатлари бошланади. Биз йиғган ўртача нархларга кўра, арзонроқ кафеда бир кишилик тушлик тахминан 40– 45 000 сўм, ўрта тоифадаги ресторанда икки кишилик овқат эса 350 000 сўм атрофида. Фастфуд тармоқларида бир марталик буюртма 50 000 сўмни ташкил қилади. Ва агар қаҳва ичишни хоҳлаб қолсангиз, бир стакан қаҳванинг нархи 23 000 сўм.

Кичик бўлиб кўринган бу рақамлар ой охирида йирик суммага айланади. Бир ойлик озиқ– овқат учун бир кишига ўртача 1 миллион 200 минг сўм кетади. Тўрт кишилик оила учун эса бу харажат 4– 4,5 миллион сўм атрофида бўлади. Ва бу ҳали бошланиши. Чунки, ҳаётий эҳтиёжларимиз фақат озиқ– овқат билан чекланмайди.

Уй– жой ва комунал тўловлар

Пойтахт аҳолисининг яна бир муҳим зарурати  кичкина бўлса ҳам ўз уйига эга бўлиш. Лекин Тошкентда уйли бўлиш унчалик осон ва арзон иш эмас. Шу сабабли кўпчилик ижарада яшашни танлайди. Биз ўрганган ўртача нархларга кўра, Тошкентда бир киши ёки ёш оила учун мос бўлган бир хонали уй ижараси ойига ўртача 3 миллиондан 5 миллион сўмгача. Албатта, бу нарх жойлашувга ва уйнинг ҳолатига қараб ўзгариши мумкин. Тўрт кишилик оила учун эса битта хонали уй торлик қилиши аниқ. Шунинг учун камида икки ёки уч хонали квартира керак бўлади. Бундай уйларнинг ўртача ижара нархи ойига 5 миллион 400 минг сўмдан 7 миллион 200 минг сўмгача. 

Хўп, ижарага уй топиб, кўчиб келдингиз ҳам дейлик. Энди у уйда яшаш учун, табиийки, газ, свет ва сувдан фойдаланасиз. Коммунал тўловлар эса, бугунги кунда Vaqt.uz ҳисоб китобларига кўра бир киши учун ойига ўртача қуйидагича:

•   Электр энергияси –  130 000 сўм;

•   Газ –  20 000 сўм;

•   Сув –  15 000 сўм;

•   Иссиқ сув – 25 000 – 30 000 сўм 

•   Қишда кўп қаватли уйлардаги иситиш тизими учун – 290 000 сўм

•   Чиқинди хизмати –  7 500 сўм;

•   Уй интернети –  140 000  – 150 000 сўм;

•   Мобил алоқа –  50 000 сўм.

Тошкентда ёлғиз яшаётган бир киши учун уй ижараси ва энг зарур коммунал хизматларнинг ўзи ойига ўртача 4 миллион сўмни ташкил қилади. Агар гап тўрт кишилик оила ҳақида кетса, кенгроқ уй ва кўпроқ истеъмол харажатларини ҳисобга олганда, бу ойига ўртача 7 миллион сўм атрофига етади. Ва эътибор беринг, бу ҳали яхши яшаш нархи эмас. Бу шунчаки Тошкентда яшашни бошлаш нархи.

Транспорт харажатлари

Тошкент  катта шаҳар. Ҳар куни бир нуқтадан иккинчисига етиб бориш учун ҳам анча– мунча пул сарфлайсиз. Агар фақат жамоат транспортидан фойдалансангиз, ойлик транспорт картаси 190 минг сўмга тушади. Бу  энг ҳамёнбоп вариантлардан бири. Лекин пойтахтда ҳар доим ҳам автобус ёки метро кутишга имкон бўлавермайди. Айниқса, шошилинч вазиятларда кўпчилик таксидан фойдаланади. Маълумотларга кўра, такси хизматларининг ҳар бир километри учун 5 минг 700 сўмдан ҳақ тўланади. Агар сиз жамоат транспортидан ҳам, таксидан ҳам фойдаланмайман, ўз машинам бор десангиз, сиз учун асосий харажат ёқилғи бўлади. Ҳозирги нархларда АИ– 92 бензини бир литрига 12 минг сўм, АИ– 95 эса 14 минг сўмга яқин туради. Бу рақамлар унчалик катта эмас– ку дейишга шошилманг. Ишга қатнаш, болани боғчага олиб бор, олиб кел, ишдан уйга қайт ва қарабсизки, ой охирига келиб транспорт ҳам бюджетнинг сезиларли қисмини эгаллайди. 

Таълим харажатлари

Оилада боғча ёки мактаб ёшидаги болалар бўлса, сарф– харажатлар янада қимматлашади. Агар фарзандингиз Тошкентдаги давлат боғчасига қатнаса, ойига ўртача 272 минг сўм тўлов қиласиз. Бу  кўпчилик учун нисбатан ҳамёнбоп вариант. Лекин бугун кўплаб ота– оналар фарзандини хусусий боғчага беришни афзал кўрмоқда. Биз ўрганган нархларга кўра, Тошкентдаги хусусий боғчалар учун ойлик тўловлар 2 миллион сўмдан бошланиб, ўртача 4 миллион 300 минг сўмгача етади. Хусусий мактабга келсак, нархлар 3 миллион 200 минг сўмдан бошланади. Айрим нуфузли таълим муассасаларида эса бу сумма ойига 12 миллион сўмгача чиқади. Шундай қилиб, Тошкентдаги хусусий мактаблар учун ўртача ойлик тўлов 7 миллион 600 минг сўм экан. Агар бунга қўшимча репетитор хизматларини ҳам қўшсак, бир ярим соатлик дарслар ўртача 775 минг сўм. Хуллас, фарзандининг таълимига жиддий эътибор қаратаётган оила учун харажатлар сезиларли даражада ошади. 

Саломатлик ва дам олиш

Инсон фақат ишлаш учун яшамайди. Дам олиш ва саломатликни сақлаш ҳам турмуш сифатининг ажралмас қисмидир. Масалан, кинотеатр чиптаси 80 минг сўм, спорт залига бир ойлик тўлов 775 минг сўм. Шифокор кўриги давлат касалхоналарида ўртача 100– 150 минг сўм бўлса, хусусий клиникаларда 250 минг сўм атрофида бўлади.

Биз санаб ўтган барча харажатларни бир жойга йиғсак, Тошкентда бир киши ёки бир оилага ойига қанча пул керак бўлади? Ҳисоб– китобларимизга кўра, пойтахтда бир кишининг озиқ– овқат, уй ижараси, коммунал хизматлар, транспорт, соғлиқ ва дам олиш каби асосий эҳтиёжлари учун ойига ўртача 7 миллион сўмга яқин маблағ керак бўлади. Икки кишилик ёш оилада бу кўрсаткич 10– 11 миллион сўмга етади. Тўрт кишилик оиланинг энг зарур харажатлари эса ойига камида 13 миллион сўмни ташкил қилади. Агар оилада боғча ёки мактаб ёшидаги фарзандлар бўлса, харажатлар янада ортади. Хусусий боғча билан ойлик бюджет 16 миллион сўмга, хусусий мактаб билан эса 20 миллион сўмдан ошиши мумкин. Демак, Тошкентда яхши яшаш учун керак бўладиган сумма одамнинг турмуш тарзи ва эҳтиёжларига қараб фарқ қилади. Аммо бугунги ҳисоб– китоблар шуни кўрсатадики, пойтахтда қулай ҳаёт кечириш учун кичик оилага ҳам камида 15 миллион сўмлик ойлик даромад керак бўлади. Миллий статистика агентлиги берган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридаги ўртача ойлик иш ҳақи  11 миллион 684 минг 300 сўм. 4 кишилик оиланинг энг асосий эҳтиёжлари учун ойига камида 13– 15 миллион сўм керак бўлишини ҳисобга олсак, битта ўртача маош билан оиланинг барча харажатларини қоплаш осон бўлмаслиги мумкин. Айниқса, оилада боғча ёки мактаб ёшидаги фарзандлар бўлса. Шу сабабли кўплаб оилалар учун қўшимча даромад манбаи ёки оиладаги иккинчи ишловчи аъзо муҳим рол ўйнайди. Демак, Тошкентда яшаш харажатларининг асосий қисмини уй– жой ва озиқ– овқат харажатлари ташкил қиляпти. Қолган харажатлар эса транспорт, соғлиқ, спорт ва дам олиш ўртасида тақсимланади.

Албатта, ҳар кимнинг турмуш тарзи ҳар хил. Кимдир камроқ, кимдир эса кўпроқ сарфлайди. Аммо бир нарса аниқ: пойтахтда яшаш учун молиявий саводхонлик зарар қилмайди. Vaqt.uz эса сизга шундай фойдали ҳисоб– китоблар ва иқтисодий билимларни улашишда давом этади.

Teglar

Mavzuga oid

Пойтахтда яхши яшаш нархи қанча? | Vaqt.uz