Logo

Президент 17 нафар ҳоким лавозимга лойиқлигини қайта баҳолашни топширди

Олти ой якунлари бўйича айрим туман ва шаҳарларда саноат ўсиши ҳамда экспорт кўрсаткичлари пасайган. Шу муносабат билан Бош вазирга мазкур 17 нафар туман ва шаҳар ҳокимининг лавозимига лойиқлигини бугуннинг ўзида кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Президент 17 нафар ҳоким лавозимга лойиқлигини қайта баҳолашни топширди © prezident.uz

21-июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик якунлари ҳамда йил охиригача амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда олти ой якунлари бўйича саноат ва экспорт кўрсаткичлари танқидий таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, биринчи чорак якунида саноат режасини бажармаган 13 та туман ҳокими ҳамда экспорт ҳажмини камайтирган 15 та туман ҳокими интизомий жазога тортилган эди. Кўпчилик ҳокимлар бундан тегишли хулоса чиқариб, олти ойлик прогноз кўрсаткичларини таъминлаган.

Шунга қарамай, айрим ҳудудларда саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш суръати пасайгани қайд этилди.

Хусусан, Янгиобод туманида саноат ўсиши прогноз қилинган 5,7 фоиз ўрнига атиги 1,8 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Ғозғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам саноат ўсиш суръати пасайгани танқид қилинди.

Экспорт йўналишида ҳам қатор ҳудудларда натижалар қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Касби, Денов, Тошкент тумани, Жиззах шаҳри, Пахтаобод, Навоий шаҳри, Жомбой, Тойлоқ, Бандихон, Мирзачўл, Ёзёвон ва Бектемир туманларида экспорт кўрсаткичлари бўйича ишлар суст кетаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан Бош вазирга мазкур 17 нафар туман ва шаҳар ҳокимининг лавозимига лойиқлигини бугуннинг ўзида кўриб чиқиш топширилди.

Шунингдек, тўққиз ой якунига қадар ушбу ҳудудларда ижобий ўзгариш бўлмаса, вилоят ҳокимларининг тегишли ўринбосарларига нисбатан ҳам қатъий чоралар кўрилиши белгиланди.

Teglar

Mavzuga oid