Президент: Ўзбекистонда иккинчи АЭС қурилиши учун тайёргарлик бошланади
Ўзбекистонда яна бир атом электр станцияси қурилиши режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи АЭС лойиҳаси бўйича «катта тайёргарлик» бошланганини маълум қилди, аммо унинг жойлашуви ва қуввати ҳақидаги малумотлар ҳозирча очиқланмаган.
© Prezident matbuot xizmatiЎзбекистонда иккинчи атом электр станцияси лойиҳаси бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 17-август куни Хоразм вилоятида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросимида маълум қилди.
Давлат раҳбари йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳалари ҳақида гапирар экан, Жиззах вилоятида қурилаётган атом электр станциясини ҳам эслатиб ўтди.
«Жонажон ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигида ўзингиз кўриб турибсиз, қандай ислоҳотларни амалга оширяпмиз, қандай лойиҳаларни рўёбга чиқаряпмиз. Бир пайтлар Жиззахда атом электр станцияси бўлишини тасаввур қилармидик?» — деди у.
Шундан сўнг у мамлакатда яна бир АЭС лойиҳаси бўйича тайёргарлик бошланганини билдирди.
«Бугун сизларга бир сирни айтмоқчиман: яқинда иккинчи станция бўйича ҳам катта тайёргарлик қиляпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирча иккинчи атом электр станцияси қаерда қурилиши, унинг қуввати қандай бўлиши ва лойиҳа қачон амалга оширилиши ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Энергия — инвесторларнинг биринчи саволи
Президент энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларни мамлакатга инвестиция жалб қилиш ва инвесторларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш зарурати билан боғлади.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонга келаётган инвесторларни, аввало, электр энергияси нархи ва унинг кафолатли етказиб берилиши қизиқтиради.
«Уларнинг биринчи саволи нима? „Мен сармоямни олиб келаман, электр энергияси нархи қанақа бўлади? Кафолати қандай бўлади?“ дейди», — деди давлат раҳбари.
Президент 2030 йилгача белгиланган энергетика стратегиясини амалга ошириш, электр таъминотини кафолатли қилиш ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш бўйича чораларни кўриш зарурлигини таъкидлади.
2025-йил декабрида Ўзатом раҳбари иккинчи йирик қувватли АЭС қурилиши эҳтимолини билдирган, бироқ ўша пайтда уни амалга ошириш бўйича аниқ режалар мавжуд эмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Жиззах вилоятидаги майдон яна иккита йирик энергоблокни жойлаштириш имконини беради.
Ўзбекистон АЭС учун қанча тўлайди?
Ўзбекистонда ҳозирда Жиззах вилоятида биринчи атом электр станцияси лойиҳаси амалга оширилмоқда. Vaqt.uz аввалроқ Ўзбекистонда қурилаётган биринчи АЭС лойиҳасининг эҳтимолий қиймати, лойиҳа параметрлари ва нархларга таъсир қилувчи омиллар ҳақидаги мақоласини эълон қилган эди.





