Президент Танзила Норбоевани «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлади
Давлат раҳбарининг фармонида унинг давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик меҳнати, парламент фаолиятини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги хизматлари қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Камаловна Норбоева «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Бугун, 24 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли фармонига имзо чекди.
«Давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Янги Ўзбекистонда парламент фаолиятини ривожлантириш, демократик ислоҳотларни изчил амалга ошириш борасидаги алоҳида хизматлари, жонкуяр ташкилотчи ва ташаббускор раҳбар сифатидаги бой билим ва тажрибаси, ватанпарварлик фазилатлари билан миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аёлларнинг ўрни ва нуфузини юксалтиришга қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга катта ҳисса қўшиб, халқимиз ўртасида муносиб обрў-эътибор қозониб келаётгани, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки, шунингдек, таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Нарбаева Танзила Камаловна «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлансин», - дейилади фармон матнида.
Танзила Норбоеванинг таржимаи ҳоли
Танзила Камаловна Норбоева 1956 йил 24 июлда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тамомлаган. Социология фанлари доктори, педагогика фанлари номзоди ҳамда профессор илмий даража ва унвонларига эга.
Меҳнат фаолиятини 1974 йилда Шаҳрихон туманидаги мактабда ёшлар масалалари бўйича етакчи мутахассис сифатида бошлаган. 1975–1995 йиллар давомида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги мактабларда ўқитувчи, директор ўринбосари ҳамда Ўқувчилар саройи директори бўлиб ишлаган. Шунингдек, Халқ демократик партияси тизимида масъул вазифаларни бажарган. 1995 йилдан 2010 йилгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.
Асосий раҳбарлик лавозимлари
2010–2016 йиллар: Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси.
2016–2019 йиллар: Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси.
2019 йилдан буён: Олий Мажлис Сенати раиси. У Ўзбекистон тарихида ушбу юқори давлат постини эгаллаган биринчи аёлдир. Мазкур лавозимга у 2020 ва 2024 йилларда (сўнгги бор 2024 йил 19 ноябрда яширин овоз бериш йўли билан) қайта сайланган.
Танзила Норбоева қатор муҳим тузилмалар, жумладан, Гендер тенглик масалалари бўйича комиссия, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ҳамда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясига раислик қилади. Бундан ташқари, у 2011 йилдан бери Ўзбекистон Велосипед спорти федерацияси раиси ҳисобланади.
Фаолияти давомида у Ўзбекистоннинг «Шуҳрат» медали (2000 йил), «Меҳнат шуҳрати» (2010 йил) ҳамда «Фидокорона хизматлари учун» (2016 йил) орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, унинг хизматлари халқаро даражада ҳам эътироф этилиб, Қозоғистоннинг II даражали «Дўстлик» (2025 йил) ҳамда Россиянинг «Дўстлик» (2022 йил) ва «Ҳурмат» (2026 йил 20 июль) орденлари билан мукофотланган.





