Президент Хоразмдаги 11 млн долларлик корхона ва янги техникумни кўздан кечирди
Шавкат Мирзиёев Хоразмдаги ташрифи чоғида Урганчдаги сутни қайта ишлаш мажмуаси ва замонавий касбий таълим марказининг имкониятлари билан танишди.
© Foto: president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев Урганч туманидаги «Тилло домор» корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуасида сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Умумий қиймати 11 миллион доллар бўлган корхона йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Мажмуа Болгариядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.
Корхонада пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог, қатиқ ва кефир каби 70 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Хомашё ҳар куни 100 дан зиёд фермер хўжалиги ва аҳолидан харид қилиниб, чорвачилик билан шуғулланаётганлар учун барқарор сотув бозори яратилмоқда. Корхонада 120 та иш ўрни ташкил этилган.
Ишлаб чиқариш мажмуасига 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Келгусида яна 100 та иш ўрни яратиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган.
Президент ёшлар билан мулоқот қилди
Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан ҳам танишди.
Техникумни барпо этиш учун давлат бюджетидан 72,4 миллиард сўм ажратилган. 5,2 гектар майдонда 1 минг 100 ўринли иккита ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, ошхона ва иккита замонавий ўқув устахонаси қурилган.
Бу ерда Германия, Швейсария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилган. 2026-2027 ўқув йили учун 11 та касб йўналиши бўйича 200 нафар иқтидорли ёш имтиҳон асосида саралаб олинган.
Таълим жараёни иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, дуал таълим орқали назарий билимларни ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлашга эътибор қаратилмоқда. Бу битирувчиларни эгаллаган касби бўйича иш билан таъминлаш имкониятини оширади.
Ишлаб чиқариш ва таълим
Техникум Хоразмдаги касбий таълим муассасалари учун амалий база вазифасини бажаради. Ҳудуддаги муассасаларнинг 4 минг 300 нафар ўқувчиси бу ердаги устахона ва лабораторияларда амалиёт ўтайди.
Касблар шаҳарчасида транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ҳамда «яшил» энергетика каби талаб юқори бўлган йўналишлар қамраб олинган. «Ўзинг ясаб кўр» тамойили асосида ёшларга амалий кўникмалар берилмоқда.
Президент маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, касбий таълимни иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш ва тажрибани бошқа ҳудудларга кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.





