Путин қаришни енгиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда

Bugun 08:302 daqiqa

Россия раҳбари узоқ умр кўриш ва қаришни секинлаштиришга қаратилган тадқиқотларни Россиянинг асосий илмий йўналишларидан бирига айлантирган.

Путин қаришни енгиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқда

Россия президенти Владимир Путин узоқ умр кўриш ва қаришга қарши кураш соҳасидаги тадқиқотларни давлатнинг устувор илмий йўналишларидан бирига айлантирди. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» ёзди.

Нашр маълумотларига кўра, Россияда бу мақсад учун қиймати қарийб 26 миллиард доллар бўлган «Соғлиқни сақлашнинг янги технологиялари» дастури амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, дастур 2024 йилда расман тақдим этилган бўлиб, ген терапияси, тирик тўқималарни био-чоп этиш, трансплантация учун аъзолар етиштириш ва умрни узайтиришга қаратилган бошқа технологияларни қамраб олади.

Лойиҳа муаллифлари ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб дастур 175 минг нафар инсон ҳаётини узайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Путиннинг қизиқиши ва совет мероси

«The Wall Street Journal» Путиннинг узоқ умр мавзусига қизиқиши янгилик эмаслигини таъкидлайди. Нашр Пекинда ўтган тадбирлардан бирида Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ўртасида аъзолар трансплантацияси орқали умрни узайтириш ҳақидаги мулоқот қайд этилганини эсга олган.

Шунингдек, WSJ Путиннинг узоқ умр кўриш мавзусига бўлган бу қадар катта қизиқишини унинг жисмоний кучга интилиши, атрофидаги мулозимларнинг ҳам ёши ўтиб қолгани ва умрни илмий йўл билан узайтиришга бўлган азалий рус анъанаси билан боғлайди. Нашр бу ўринда Александр Богдановнинг қон қуйиш билан боғлиқ совет давридаги тажрибаларини ва инсон умрини 150 йилгача узайтиришни ваъда қилган шифокор Александр Богомолецнинг изланишларини тилга олган.

Газета маълумотларига кўра, дастурнинг асосий иштирокчилари орасида эндокринолог ва Путиннинг қизи Мария Воронцова ҳамда «Курчатов институти» раҳбари Михаил Ковалчук бор.

Таъкидланишича,, Михаил Ковалчук Кремлнинг узоқ умр стратегияси ва мафкурасини шакллантираётган асосий шахслардан бири ҳисобланади.

Олимлар шубҳа билдирмоқда

Мақолада қайд этилишича, Россияда амалга оширилаётган мазкур тадқиқотлар ҳозирча халқаро илмий журналларда кенг эътироф этилган натижаларни намойиш этмаган.

Россиялик олим Александр Островскийнинг фикрича, илмий нашрлар ва тасдиқланган натижаларсиз бундай ташаббусларнинг самарадорлигини баҳолаш мушкул.

Шу билан бирга, Россия эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги бўйича ривожланган дунё кўрсаткичларидан ўта паст бўлган мамлакатлигича қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Россия Федерациясида эркакларнинг кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлиги тахминан 68 ёшни ташкил этади — бу АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларидаги кўрсаткичлардан сезиларли даражада паст.

WSJ хулосасига кўра, давом этаётган қонли уруш, Россия илм-фанининг халқаро майдонда яккаланиб қолиши ва мамлакатнинг ўзидаги юқори ўлим даражаси фонида Кремлнинг қаришни енгишга бўлган бундай уриниши зиддиятли кўринади.

Teglar

Mavzuga oid