Қамров кам ҳудудларда боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида ДХШ асосида боғча қуришга рухсат берилмоқда

09.09.2025 | 15:308 daqiqa

Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуришга рухсат берилиши мумкин.

Қамров кам ҳудудларда боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида ДХШ асосида боғча қуришга рухсат берилмоқда
Кеча, 8 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев  таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишди. Сўнгги саккиз йилда боғчаларда ўринлар сони 2,5 миллионтага кўпайтирилиб, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди. Бу қамровни ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўрин очиш режалаштирилди. Боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими жорий этилади. Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланади. Хусусан, боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуришга рухсат этилади. Тадбиркорларга фаолиятни ўзгартирмаслик шарти билан ер участкалари бепул берилади ҳамда 7 йилгача бўлган имтиёзли кредит ажратилади. Давлат боғчалари ва мактабларидаги бўш майдонларнинг ДХШ асосида тадбиркорларга бепул берилишини иқтисодчи Отабек Бакиров «ижтимоий хато йўл», деб баҳолади.
«Давлат мактаби ва давлат боғчаси ер майдонларида хусусий боғча қуриш — ижтимоий хато йўл. Бизни касталанган табақаланишга элтади. Давлат боғчасининг бўш майдони бўлса, фақат давлат боғчаси қурилиш керак, давлат мактабининг бўш ер майдони бўлса, фақат давлат мактаби қурилиши зарур, давлат шифохонаси ёнида бўш ери бўлса, фақат давлат шифохонаси қурилиши лозим. Тилла бешикда туғилганлар балки тушунмас, жамиятни пароканда қиладиган, ичдан емирадиган кескин табақаланиш рағбатлантирилиши эмас, жиловланиши, тийиб турилиши керак. Бунинг энг осон воситаси — таълим ва тиббиётдаги тенг имкониятлар ва адолатни таъминлаш», деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.
Шунингдек, Президент ҳузуридаги тақдимотда истиқболдаги режалар таҳлил қилиниб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва истеъдодини юзага чиқаришда яхлит тизимнинг йўқлиги танқид остига олинди. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистондаги таълим муассасаларида ўтказилаётган кўплаб тадбирлар номигагина, доимий такрорланадиган тарзда ташкил этилади. Уларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича замонавий ёндашувлар йўқ. Энди мазкур муаммолар инобатга олиниб, зарурат бўлмаган тадбирлар ўтказишнинг олди олинади. Бунинг учун  «Маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режаси» ишлаб чиқилди. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва интилишини юзага чиқариш бўйича ҳам ягона вертикал тизим жорий этилиши белгиланди. Шу мақсадда «Баркамол авлод» болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда «Ëшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида «Келажак» марказлари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади. 2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади. 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилади. Ушбу мактабларга болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва Давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Уларда «Янги Ўзбекистон» университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинади. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади. Эслатиб ўтамиз, роппа роса бир йил аввал ҳам Президент ҳузурида таълим сифатини оширишга қаратилган таклифлар кўриб чиқилган эди. Ўшанда ҳам мактабгача таълим муассасаларининг қамровини кенгайтириш мақсадида мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилиши муҳокама қилинган эди. Меҳриноз Фармонова тайёрлади.  

Teglar

Mavzuga oid