«Қандай инсон ҳуқуқлари?»: Лукашенко Трамп сиёсати ҳақида гапирди
Унинг фикрича, америкаликлар бемалол, ҳатто тўкин яшаши, миллиардлар ишлаб топиши учун инсонлар ҳалок бўлмоқда.

Беларус президенти Александр Лукашенко АҚШ президенти Доналд Трампнинг сиёсати ва Яқин Шарқдаги вазият ҳақида фикр билдирди. Лукашенко матбуот хизматига яқин бўлган «Пул Первого» Telegram-канали унинг фуқаролар олдидаги чиқиши видеоёзувини эълон қилди.
«Трампга, Америкага бир қаранг. Нима учун унинг сиёсатини маъқуллайман, деб айтяпман — албатта, буни маълум маънода ҳазил билан айтяпман. У ҳамма нарсани борича, очиқ-ойдин кўрсатиб қўйди. У кўрсатдики... Қандай инсон ҳуқуқлари? Қандай демократия? Аслида ҳаммаси нефт учун!
Шу мақсад йўлида одамларни ўлдиради, ракеталар билан ҳужум қилади, ҳеч нарсадан қайтмайди. Америкаликлар у ерда бемалол, ҳатто тўкин яшаши, миллиардлар ишлаб топиши учун инсонлар ҳалок бўлмоқда.
Бу бизнинг йўлимиз эмас, биз сиёсатимизни бундай асосга қура олмаймиз. Лекин биз қачонлардир бизда ҳам шундай тизим бўлишини истаган кимсаларнинг асл юзини кўрдик. Бизда фақат сиз қандай қарор қилсангиз, шундай бўлади. Агар улардагидек ҳаётни истасангиз — марҳамат. Ислоҳотлар керак бўлса, мен сизга бир кунда ислоҳот қилиб беришим мумкин. Мен буни ўрганганман, бу иш қўлимдан келади», — деди Александр Лукашенко.





