Қатарда бўлиб турган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди

02.03.2026 | 12:352 daqiqa

Қатар ҳаво ҳудуди ёпилиши оқибатида 48 нафар Ўзбекистон фуқаро Hamad international аэропортда қолиб кетгани маълум бўлди.

Қатарда бўлиб турган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди

Қатардаги сўнгги кескин вазият шароитида Ўзбекистон элчихонаси мамлакатда бўлиб турган юртдошлар хавфсизлиги юзасидан расмий баёнот берди.

1-март ҳолатига кўра, Қатар ҳудудида 600 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Шундан:

31 нафари – дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари;

40 нафари – Доҳада таҳсил олаётган талабалар;

250 нафари – Қатарда вақтинча ишловчи фуқаролар;

270 нафари – туризм ва бошқа сабаб билан сафарда бўлиб турганлар.

28 феврал куни Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши ва бир қатор халқаро рейсларнинг бекор қилиниши оқибатида 48 нафар юртдош Доҳадаги Ҳамад халқаро аэропортида қолиб кетган. Улар Шаржа, Дубай ва Олма-Ота орқали Тошкентга учиб кетиши керак эди.

Аэропортда қолиб кетган фуқаролар меҳмонхонага жойлаштирилди

Аэропорт маъмурияти ҳамда «Qatar Airways», «Air Arabia» ва «Saudia Airlines» авиакомпаниялари йўловчиларни меҳмонхонага жойлаштириш имконияти йўқлигини маълум қилган. Шундан сўнг элчихона масъуллари аэропортга чиқиб, фуқаролар билан учрашди ва авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борди.

Ижтимоий тармоқларда мурожаат қилган фуқаролар билан зудлик билан алоқа ўрнатилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Ватандошлар вақтинча меҳмонхонага жойлаштирилди ва доимий консуллик кўмаги таъминланди.

Элчихона рейслар қайта тиклангандан сўнг фуқароларнинг Ватанга қайтиши таъминланишини маълум қилди. Ҳозирда фуқаролар рўйхати шакллантирилган бўлиб, у мунтазам янгиланмоқда.

Дипломатик ваколатхона юртдошларни вазминлик сақлашга, расмий манбаларга таянишга ва Қатар расмий идоралари кўрсатмаларига қатъий амал қилишга чақирди. Зарур ҳолатда Қатарда туризм мақсадида бўлиб турган фуқаролар элчихона консули Отабек Муратов билан +974 5141 1001 телефони орқали боғланишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Эрон Ислом Инқилоби Қўриқчилари Корпуси АҚШ–Исроил томонидан амалга оширилган зарбаларга жавоб сифатида минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлардан иборат тўлқинли ҳужум бошлаганини маълум қилган. Нишонлар орасида Қатар, Қувайт, БАА ва Баҳрайндаги йирик ҳарбий базалар бор.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кескин вазият сабаб Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вақтинча кечиктириб туришни тавсия қилди.

Teglar

Mavzuga oid