Logo

Қайси банклар фоизсиз автокредит бермоқда?

Bugun 20:107 daqiqa

Onix, Tracker, Damas ва Labo учун бир нечта банк фоизсиз автокредит таклиф қилмоқда. BYD, KIA, Chery, Haval, Hyundai ва бошқа автомобилларда ҳам 0 фоизли кредитлар кўпайган. Аммо аксарият рекламалардаги 0 фоизли кредитни катта бошланғич тўлов билан қисқа муддатга олиш мумкин.

Қайси банклар фоизсиз автокредит бермоқда? © Foto: Autostrada.uz

Ўзбекистон банклари аҳолига автокредитни фоизсиз шартларда ҳам расмийлаштириш имкониятини аввалгидан кўпроқ таклиф қилмоқда. Айни пайтда маҳаллий ва хорижий брендларнинг ўнлаб автомобилларини фоизсиз кредитга олиш мумкин.

Vaqt.uz банкларнинг 2026 йил 24 июль ҳолатидаги таклифларини ўрганиб чиқди. Натижалар Chevrolet автомобилларида танлов энг кўп эканини кўрсатмоқда. BYD, KIA, Chery, Haval, Changan, Hyundai, Jetour, Soueast, JAC, Leapmotor, Aito, GAC ва ҳатто айрим премиум автомобиллар учун ҳам 0 фоиздан бошланадиган кредитлар бор.

Бироқ «60 ойгача кредит» ва «0 фоиздан» деган иккита шарт ҳар доим бир-бирига боғлиқ эмас. Кўплаб банкларда кредит муддати 5 йилгача бўлса-да, ноль ставка фақат дастлабки 6–24 ой учун амал қилади.

Chevrolet учун: Damas’дан тортиб Cobalt’гача

Энг катта танлов UzAuto Motors автомобилларида шаклланган. Хусусан, Onix ва Tracker учун камида 12 та банк ставкаси 0 фоиздан бошланадиган автокредит таклиф қилмоқда.

Улар қаторига «Микрокредитбанк», «Туронбанк», «Apexbank», «Пойтахтбанк», «BRB», «Давр банк», «Инфинбанк», «Asia Alliance Bank», «Ҳамкорбанк», «SQB», «Универсалбанк» ва «Ипак Йўли банки» киради.

Банкларнинг бир қисми Onix ва Tracker учун алоҳида кредит дастурини очган. Қолганлари эса UzAuto Motors автомобиллари учун умумий автокредит доирасида ушбу моделларни молиялаштирмоқда.

Damas харидорларида танлов янада кенгроқ. Мазкур автомобилни 13 та банкдан фоизсиз кредитга олиш имконияти мавжуд. Булар:

Бу банкларнинг деярли барчасида Лабо учун фоизсиз автокреди расмийлаштириш мумкин.

Бироқ бу банкларда автомобилни исталган муддатга фоизсиз олиш мумкин дегани эмас. Ноль ставка бошланғич бадал миқдори, кредит муддати, мижознинг расмий даромади ва айрим ҳолларда иш ҳақи лойиҳасида иштирок этишига қараб белгиланади.

Шу сабабли бир хил автомобил учун бир банк 30 фоиз бадал ва 12 ойлик муддатда 0 фоиз таклиф қилиши, бошқа банк эса ноль ставка учун 50–60 фоизгача бошланғич тўлов талаб қилиши мумкин.

Яқинда фоизсиз автокредит Chevrolet Cobalt учун ҳам тақдим этилди. UzAuto Motors ва «Ипотекабанк» ҳамкорлиги доирасида автомобил қийматининг 65 фоизи олдиндан тўланса, қолган қисмини 12 ой давомида 0 фоизли бўлиб тўлаш имконияти берилади.

BYD учун қаерда 0 фоизли кредит бор?

BYD автомобиллари орасида ҳозирча энг аниқ фоизсиз таклифлардан бири «Ориент Финанс банк»да мавжуд.

Банк BYD Song Plus DM-i 110 km Flagship ҳамда Chazor 55 km Luxe автомобилларини камида 25 фоиз бошланғич бадал билан 12, 18, 24 ёки 30 ойга 0 фоизли кредит асосида таклиф қилмоқда.

«BRB» эса BYD Yuan Up учун ставкаси 0 фоиздан бошланадиган «Eko drive» автокредитини тақдим қилган. Бироқ бу ерда ноль ставкани олиш учун автомобил қийматининг 60 фоизини олдиндан тўлаш ва қолган қисмини 12 ойда қайтариш керак.

«Ипотекабанк»да BYD Song Plus DM-i, Song Pro DM-i, e2, Chazor ва Song Plus EV автомобиллари учун кредит ставкаси 0 фоиздан 21,9 фоизгача этиб белгиланган. Бошланғич бадал камида 25 фоиз, кредит муддати эса 60 ойгача. Аммо банкнинг очиқ саҳифасида айнан қайси бадал ва муддатда ноль ставка қўлланиши кўрсатилмаган.

«Ориент Финанс банк» Denza B5 ва B8 автомобиллари учун ҳам 0 фоиздан бошланадиган кредит очган. Кредит 30 фоиздан бошланғич бадал билан 12 ёки 18 ойга ажратилади. Ставка танланган шартга қараб 13 фоизгача кўтарилиши мумкин.

Демак, BYD бўйича энг паст бошланғич бадалли ва шартлари очиқ кўрсатилган таклиф «Ориент Финанс банк»ка тегишли: 25 фоиз бадал билан 30 ойгача 0 фоиз.

KIA, Chery, Haval ва Changan учун таклифлар

KIA, Chery, Haval ва Changan автомобилларини кредитлашда «Пойтахтбанк», «Миллий банк», «Ҳамкорбанк», «Алоқабанк», «Asia Alliance Bank», «Ипотекабанк», «Трастбанк» ҳамда «Давр банк» фаол таклиф бермоқда.

«Пойтахтбанк»нинг Roodell I дастурида KIA, Chery, Haval ва Changan автомобилларини 25–30 фоиз бошланғич бадал билан 12 ойга фоизсиз олиш мумкин. Бошланғич тўлов 40 фоизга етганда ноль ставкали муддат 18 ойгача, 50 фоизда эса 24 ойгача узаяди.

«Миллий банк» KIA ва Chery автомобиллари учун оддий мижозлардан камида 50 фоиз бошланғич тўлов талаб қилади. Бунда 12 ойлик кредит ставкаси 0 фоиз бўлади.

Иш ҳақи лойиҳаси қатнашчилари ва бюджет ташкилоти ходимлари учун шартлар нисбатан енгилроқ. Улар 30 фоиз тўлов билан 12 ойга, 40 фоиз тўлов билан 18 ойгача ҳамда 50 фоиз тўлов билан 24 ойгача фоизсиз кредит олиши мумкин.

«Ҳамкорбанк»да KIA Sonet, Chery, Changan ва Haval учун алоҳида дастурлар мавжуд. Масалан, KIA Sonet ва Haval автомобилларини 30 фоиз бошланғич бадал билан 12 ойга 0 фоизли кредитга олиш мумкин. Муддат узайиши билан ставка ҳам ошади.

«Алоқабанк» Roodell билан ҳамкорликда KIA, Chery, Haval ва Changan учун бир нечта кредит дастурини таклиф қилмоқда. Айрим дастурларда 30 фоиз тўлов билан 12 ойлик кредит фоизсиз берилади. Бошланғич тўлов 60–70 фоизга етганда эса айрим тоифадаги автомобиллар учун ноль ставкали муддат 60 ойгача узайиши мумкин.

«Asia Alliance Bank»да Roodell автомобиллари, Haval, Changan, Deepal ва KIA Sonet учун ставкаси 0 фоиздан бошланадиган кредитлар бор.

«Ипотекабанк» Chery, Changan, Haval ва GWM автомобилларини 30 фоиздан бошланғич бадал билан 60 ойгача кредитламоқда. Ставка 0–15 фоиз оралиғида, аммо ноль ставканинг аниқ шарти банк сайтида алоҳида очиқланмаган.

«Трастбанк» ADM Jizzakh томонидан ишлаб чиқарилган KIA, Chery, Haval ва Changan автомобиллари учун камида 25 фоиз бадал билан 60 ойгача кредит беради. Ставка танланган шартга қараб 0 фоиздан 18,5 фоизгача ўзгаради.

«Давр банк»да ҳам «Roodell Auto», «ADM Auto» ва «KIA Tezkor» каби фоизсиз дастурлар мавжуд. Бироқ банк сайтининг турли саҳифаларида айрим ставка ва муддатлар бир-биридан фарқ қилмоқда. Шу сабабли якуний шартларни банкдан аниқлаштириш талаб этилади.

Hyundai, Jetour ва бошқа моделлар

Фоизсиз автокредитлар фақат оммабоп маҳаллий моделларда эмас, бошқа брендларда ҳам учрамоқда.

«Asia Alliance Bank» Hyundai автомобиллари учун 30–40 фоиз бадал билан 12 ойга фоизсиз кредит таклиф қиляпти. Бошланғич тўлов 50 фоиз бўлганда ноль ставкали муддат 20 ойгача, 60–70 фоиз бўлганда эса 24 ойгача узаяди.

Банк Jetour ва Soueast автомобиллари учун ҳам алоҳида дастур очган. Моделига қараб, 25 фоиз бадал билан 12 ойдан бошланадиган 0 фоизли таклифлар бор. Бошланғич тўлов 50 фоизга етганда айрим автомобилларни 24 ойгача фоизсиз олиш мумкин.

«Ипак Йўли банки» Leapmotor, Aito ва GAC автомобиллари учун Evolution Motors билан ҳамкорликда кредит таклиф қилмоқда. Дастур шартларида 30 фоиздан бошланғич бадал, 48 ойгача муддат ва 0 фоиздан бошланувчи ставка кўрсатилган.

Бироқ банк саҳифасида автомобилнинг якуний шартнома нархи кредит шартларига қараб дилер томонидан белгиланиши ва ўзгариши мумкинлиги қайд этилган. Бу ҳолатда кредит ставкаси ноль бўлса ҳам, автомобилнинг кредитдаги нархи асл нархидан фарқ қилиши эҳтимоли бор.

«Ипак Йўли банки» Voyah автомобиллари учун ҳам 950 млн сўмгача ва 24 ойгача муддатга 0 фоиздан бошланадиган автокредит таклиф қилмоқда.

«Ипотекабанк» Changan, Deepal, Avatr ва Nevo автомобилларини 25 фоиздан бадал билан кредитламоқда. Дилер акцияси доирасида 12 ойгача 0 фоизли муддат мавжуд.

Шунингдек, банк Dongfeng EP008, Glory 580 Pro, C31, C32 ва бошқа моделлар учун ставкаси 0 фоиздан бошланадиган кредит тақдим қилган.

Тадбиркорлар учун ҳам алоҳида таклифлар бор. Жумладан, «Ипак Йўли банки» FOTON тижорат автомобилларини 0 фоизли кредитга таклиф қилмоқда. Бошланғич бадал ошиши билан фоизсиз муддат 12 ойдан 48 ойгача узаяди.

0 фоиз ҳар доим текинга кредит дегани эмас

Банклар таклифларидаги асосий жиҳат — кредитнинг умумий муддати билан ноль ставка амал қиладиган муддатни ажратиш керак.

Масалан, айрим кредитлар «60 ойгача, ставка 0 фоиздан» деб реклама қилинади. Аммо тариф жадвалига қаралганда, 0 фоиз фақат 6 ёки 12 ойлик муддатга қўлланиши мумкин. Кредитни 3–5 йилга олган мижоз эса одатдаги фоиз ставкасини тўлайди.

Ноль ставка учун талаб қилинадиган бошланғич бадал ҳам кўпинча юқори. Масалан, «BRB»да BYD Yuan Up’ни фоизсиз олиш учун автомобил қийматининг 60 фоизини олдиндан тўлаш керак.

«Ипотекабанк» орқали берилаётган Cobalt автокредитида ҳам вазият шундай. 0 фоизли автокредит учун 65 фоизлик бошланғич тўлов талаб қилинади.

Бундай шароитда банк автомобил қийматининг нисбатан кичик қисмини ва қисқа муддатга молиялаштиради. Бу эса банкнинг кредит таваккалини ва фоиз харажатини камайтиради.

Бундан ташқари, 0 фоизли кредит автомобил билан боғлиқ барча харажатлар йўқ дегани эмас. Мижоздан суғурта, гаровни баҳолаш, нотариал расмийлаштириш ёки бошқа хизматлар учун тўлов талаб қилиниши мумкин.

Айрим дастурларда автомобилнинг кредитдаги нархи ҳам асл харид нархидан фарқ қилиши эҳтимоли бор. Бундай вазиятда фоизнинг бир қисми автомобил нархига ёки дилер тақдим қилаётган бошқа шартларга сингдирилган бўлиши мумкин.

Шу сабабли таклифларни фақат рекламадаги фоиз ставкаси бўйича таққослаш етарли эмас. Харидор бир хил моделнинг асл нархи, бошланғич бадал, кредит муддати, ойлик тўлов, мажбурий суғурта ва якунда тўланадиган жами суммани солиштириши керак.

Бозорда фоизсиз автокредитлар сони кўпайгани харидор учун танловни кенгайтирмоқда. Бироқ бу дастурларнинг аксарияти катта бошланғич маблағи бор ва қарзни қисқа муддатда ёпишга қодир мижозлар учун фойдалироқ.

Teglar