Қирғизистон 21 тонна ўзбек тарвузини орқага қайтарди

Расмийлар маҳсулот сифати эмас, бошқа муаммо сабаб бўлганини билдирди.

Қирғизистон 21 тонна ўзбек тарвузини орқага қайтарди © 24.kg

Қирғизистоннинг Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти инспекторлари 28 май куни «Дўстлик» чегара пунктида Ўзбекистондан олиб кирилган 21 тонна тарвуз партиясини мамлакат ҳудудига киритишга рухсат бермади.

Маълум қилинишича, қарор тарвузларда зараркунандалар аниқлангани учун эмас, балки Евроосиё иқтисодий иттифоқи талабларига мувофиқ мажбурий маркировка қоидаларига риоя қилинмагани сабабли қабул қилинган.

Натижада амалдаги фитосанитар қоидаларга асосан 21 тонна маҳсулотдан иборат юк тўлиқ равишда Ўзбекистонга қайтарилган.

Муаммо нимада бўлган?

Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳолатни ўрганиб чиққанини маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, маҳсулот Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида етиштирилган бўлиб, 950 та қадоққа жойланган.

Текширув давомида фитосанитар сертификатда маҳсулот маркировкалангани кўрсатилган бўлса-да, амалда қадоқларда белгиланган маркировка талабларига тўлиқ риоя қилинмагани аниқланган.

Шундан сўнг ҳолат назоратга олиниб, чегара пунктларида карантин остидаги маҳсулотларни расмийлаштириш устидан назоратни кучайтириш чоралари белгиланган.

Бошқа хабарлар тасдиқланмади

Ўзбекистон томони Қирғизистон фитосанитар хизмати билан қўшимча мулоқот ҳам ўтказган. Унда ижтимоий тармоқларда тарқалган бошқа экспорт маҳсулотлари билан боғлиқ маълумотларга ҳам ойдинлик киритилган.

Қирғизистон мутахассислари пиёз ва писта экспорти бўйича тарқалган хабарларни тасдиқламаган ва уларни асоссиз деб баҳолаган.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тадбиркорларга экспорт ва импорт жараёнларида фитосанитар талабларга қатъий амал қилиш зарурлигини эслатди. Идоранинг таъкидлашича, бундай қоидаларга риоя этиш ҳам миллий, ҳам ҳамкор давлатларнинг фитосанитар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Teglar

Mavzuga oid