Қирғизистон хорижликлар ва меҳнат муҳожирлари учун қоидаларни ўзгартирмоқда
Қирғизистонда 2026-йил охиригача амал қиладиган янги миграция қоидалари тасдиқланди. Энди хорижликлар ягона рухсатнома орқали яшаш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлади.
© Qirg‘iziston prezidenti matbuot xizmatiҚирғизистон Вазирлар Маҳкамаси хорижликлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун виза, мамлакатда бўлиш ва меҳнат фаолияти учун ягона рухсатнома ҳамда резидент-карталарни расмийлаштиришни тартибга солувчи вақтинчалик низомни тасдиқлади, деб хабар берди «24.kg».
Қарорга мувофиқ, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Қирғизистонда яшаш ва ишлаш учун ягона рухсатномани расмийлаштириши мумкин бўлади. Шунингдек, вақтинчалик низомда резидент-карталарни бериш тартиби ҳам белгиланган.
Хорижликларнинг меҳнат фаолияти учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш ваколати 2026-йил охиригача Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигига ўтказилди.
Янги қоидалар 2026-йил 31-декабргача амал қилади. Шу давр мобайнида виза ва меҳнат миграцияси соҳасидаги 2017- ва 2019-йилларда қабул қилинган айрим ҳукумат қарорлари вақтинча тўхтатилади.
Чиқиш визаси нархи
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси мамлакатда бўлиш муддатини бузган хорижликлар учун чиқиш визаси расмийлаштириш йиғимларини ҳам ўзгартирди. Эндиликда уч ойдан ортиқ муддатга қолиб кетганлар учун чиқиш визаси — 17,5 минг сом (тахминан 200 доллар); бир йилдан ортиқ муддатга қолиб кетганлар учун — 192,5 минг сомни (тахминан 2,2 минг доллар) ташкил этади.
Ҳар бир кейинги ортиқча йил учун қўшимча равишда 1,1 минг доллардан тўланади. Қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.





