Қўли қичиган депутатлар ва илк мусулмон сенатор — Дунёда нима гап?
Миллионлаб долларлик уюштирилган кампанияларни енгиб чиққан ва молиявий ёрдамларни рад этган мусулмон номзод сенатор бўлди, ичида миллиардер бўлган самолёт ерга қулаб тушди. Москвада теракт уюштирмоқчи бўлган йигит, Қозоғистонда давлат тўнтариши қилмоқчи бўлганлар ушланди.
20 ёшли қиз бошқарувидаги самолёт қулаб тушди, ҳеч ким тирик қолмади. Ўйин вақтида футболчининг юраги тўхтаб қолди ва вафот этди, сабабчи — дарвозабон, у «шок» ҳолатида. Бир қатор президентлар сўз эркинлиги ва матбуотга душман деб топилди. Трамп жиҳодчи деб атаган мусулмон сенатор бўлиши мумкин. Уни Обама ҳам қўллаб-қувватлади. Депутатлар ўртасидаги даҳанаки жанг ва бошқа воқеалар ҳақида шу видеода гаплашамиз.
Океан ортидаги авиаҳалокат
Трампнинг қароргоҳи яқинида катта тезликдаги шахсий самолёт автомобил йўлига қулаб тушди. Тўққиз киши, жумладан, бизнесмен ва унинг оиласи ҳалок бўлди. Гап Палм-Бич округида 1-ноябр куни Бизнес-жет деб аталадиган Learjet 60 русумли хусусий самолёт ҳақида кетяпти. Ҳалокат Америка президенти Доналд Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳидан 10 километрдан бироз кўпроқ масофада содир бўлган. Ҳеч ким омон қолмади, болалар ҳам бўлган. Ҳодиса оқибатида автомобил ҳайдовчиси ҳам жароҳат олган. Бир неча юз киши эвакуация қилинган. Хўш, авиаҳалокат қандай рўй берди?
Самолёт Багама ороллари томон учиб кетаётганди. Бортда IT тадбиркори ва миллиардер Адам Робинсон билан унинг рафиқаси, тўрт ва икки ёшли болалари бор эди, энага ва оиланинг дўстлари ҳам улар билан бирга учган. Самолётни икки учувчи бошқарган. Улардан бири — катта тажрибага эга 55 ёшли капитан Жефф Грегорий, иккинчиси эса 20 ёшли Наталия Фигейрас бўлган. Айрим нашрларда унинг ёши 21 деб кўрсатилган. Диспетчерлар билан алоқани айнан Фигейрас олиб борган. Ўзи бу 20 ёшли қиз бошқариш ҳуқуқига бормиди? Айтилишича, у 17 ёшида самолёт бошқариш лицензиясини олган. Учувчи қиз маҳаллий телеканаллардан бирига ўлимидан анча олдинроқ берган интервьюсида синфдошлари мустақил равишда машина ҳайдашни «зўр» деб ҳисоблаган бир пайтда, ўзи учун самолёт бошқариш анча мароқли эканини айтган. Авиаҳалокатга қадар Фигейраснинг самолёт бошқариш бўйича тажрибаси тахминан 1300 соатни ташкил этган.
Парвоз давомида об-ҳаво шароити анча оғир бўлган. Самолётдаги суҳбатларнинг аудиоёзувидан маълум бўлишича, экипаж диспетчерларга самолётнинг фюзеляжида, яъни асосий корпусида муз қатлами пайдо бўлаётганини айтган. Бу пайтда ҳаво ҳарорати минус 47 даража бўлган. Шунингдек, самолёт кучли турбулентликка дуч келган. Учувчилар баландроққа кўтарилиш учун рухсат сўраган.
Диспетчер уларга баландликни оширишга рухсат берган. Бироқ тахминан 30 сония ўтиб, экипаж фавқулодда вазият юзага келганини маълум қилган. Самолёт кескин ва назоратдан ташқари тарзда пасайишни бошлаган. Учувчилар ҳалокатдан олдинги сўнгги гапида «Биз ерга уриламиз» дея бақирган. Фигейрас эса «Ташқарига қара!» деб қичқирган.
Аудиоёзувда ҳалокатдан бир неча сония олдин эркак кишининг дуо ўқиётгани ҳам эшитилади. Бу капитан Жефф Грегорий бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Learjet 60 самолётини Остин шаҳрида жойлашган «Upper Jets» компанияси бошқарган. Компания хусусий бизнес-самолётларни чартер, яъни буюртма асосида ижарага бериш билан шуғулланади. «Upper Jets» ҳалокат сабабларини ўрганаётган авиация органлари билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди. Ушбу самолёт моделини ишлаб чиқарувчи Bombardier компанияси ҳам тергов жараёнида иштирок этаётганини билдирган, бироқ қўшимча изоҳ беришдан бош тортган.
Тахминларга кўра, самолётга тушган ҳаддан ташқари кучли юклама сабаб унинг асосий корпуси ҳали ҳавода бўлган пайтидаёқ парчалана бошлаган бўлиши мумкин. Терговнинг дастлабки босқичида самолёт бўлакларини йиғиш ва уларни ўрганиш талаб этилади. Чунки парчалар катта ҳудудга сочилиб кетган.
Соҳага ихтисослашган нашрлар Learjet 60 русумли самолётларда кабинадаги суҳбатларни ёзиб борувчи махсус қурилма — овозли «қора қути» бўлиши шартлигини таъкидламоқда. Бироқ видео эфирга тайёрланаётган вақтда ушбу қурилма топилган-топилмагани номаълум эди. Самолётнинг парвоз давомидаги тезлиги, баландлиги ва бошқа техник кўрсаткичларини қайд этадиган параметрик «қора қути» эса Learjet 60 самолётида бўлмаган бўлиши мумкин. Қонунчиликка кўра, 10 нафаргача йўловчи ташийдиган самолётларга бундай қурилмани ўрнатиш мажбурий эмас. Сиз самолётда ўзингизни қандай ҳис қиласиз, албатта ёзиб кетинг.
Жони узилган футболчи, дарвозабон «шок»да
Испанияда «Tenerife» футбол клубининг 30 ёшли ҳужумчиси Хесус де Мигел «Andorra» клубига қарши ўйин вақтида, рақиб дарвозабони Хесус Овоно билан рўй берган тўқнашувдан кейин вафот этди. Ҳодиса Испания чемпионатининг иккинчи дивизиони доирасида «Элиодоро Родригес Лопес» стадионида бўлиб ўтган учрашувда рўй берди. Овоно рақиб ҳужумини тўхтатиш учун жарима майдонидан чиқиб келди ва майдон марказига яқин бўлган ҳудудда тиззаси билан де Мигелнинг кўкрак қисмига зарба берди.
Ҳужумчи эса тўқнашувдан ўзини олиб қоча олмаган ва ҳушини йўқотиб, газонга қулади. Ҳолат жиддийлигини дарҳол пайқаган икки жамоа футболчилари ҳам тиббиёт ходимларини чақиришни бошлади, улардан айримлари йиғлаб юборди.
Шифокорлар майдонга югуриб чиқди ва жабрланувчига узоқ вақт давомида ёрдам кўрсатди – унинг юраги тўхтаб қолганди. Якунда юрак фаолияти тикланган ва де Мигел шифохонага олиб кетилган. Ўйин давом эттирилмади. 2-ноябр куни кечқурун футболчининг ҳолати оғирлиги, лекин барқарорлиги айтилди. Аммо тунда вазият ёмонлашган. Маҳаллий вақт билан 3-ноябр куни эрталаб соат 8 да эса футболчининг жони узилган.
«Andorra» дарвозабони Хесус Овoнога тўқнашувдан кейиноқ қизил карточка кўрсатилган. У узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин, жиноят иши очилиши ҳам истисно этилмаяпти. Испанияда эҳтиётсизлик ортидан одам ўлдирганлик учун тўрт йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган, бироқ суд футболчининг хатти-ҳаракатлари йўл қўйилиши мумкин бўлган хавф доирасидан қанчалик чиққанини баҳолаши лозим.
Овоно де Мигелнинг ўлими юзасидан омма олдида муносабат билдирмади. Аммо у рўй берган воқеадан қаттиқ афсусдалиги, «шок» ҳолатдалиги айтилмоқда.
Қўли қичиган депутатлар
Депутатлар сизнингча қандай бўлиши керак? Муштлашган депутатларни кўрганмисиз? Бу аксар мамлакатлар парламентида одатий ҳолга айланиб улгурган. Масалан, навбатдаги ана шундай муштлашув Арманистонда ҳукмрон ва мухолифат партия депутатлари ўртасида юз берди.
Муштлашув 29-октябр куни ҳукмрон «Фуқаролик шартномаси» ҳамда мухолифатдаги «Кучли Арманистон» партиялари депутатлари ўртасида рўй берди. Зиддият депутат Тарон Чахояннинг чиқиши вақтида юзага келган даҳанаки жангдан бошланган.
Тўқнашув вақтида парламент вице-спикери Ваагн Александан мухолифатчилар томонга стул улоқтирган. Депутатлардан бирининг бурни қонаган, бошқасининг кийими йиртилиб кетган. Мажлис тўхтаб қолган, аммо мажлис трансляцияси тўхтатилмади.
Хавфсизлик хизмати ходимлари аралашувига қарамай, жанжал парламент биноси коридорида ҳам давом этди. Бу Арманистон парламентида депутатлар ўртасида содир бўлган биринчи оммавий муштлашув эмас. Октябрь ойининг бошида ҳам парламент биносида мухолифат ва ҳукмрон партия вакиллари ўртасида муштлашув бўлганди.
Олди олинган теракт
31-октябр куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси «Сарицино» музей-қўриқхонаси ҳудудида теракт содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Германиянинг Москвадаги элчихонаси ҳам ўз фуқароларига шундай огоҳлантириш берди. Ўша куни музей-қўриқхона «техник сабабларга кўра» ёпилди. Эртаси куни эса ҳудуд яна ташриф буюрувчилар учун очилди. Сал вақт ўтиб, Москвада теракт тайёрланаётгани ҳақидаги хабарни ўсмир йигит TikTok’да тарқатгани аниқланди. Ўсмир қўлга олинган, унинг шахси ошкор қилинмаган. Видеода ўсмирнинг ҳарбий услубдаги кийим, юзни беркитувчи ниқоб, кепка, кўзойнак ва қулоқчин тақиб, автоматга ўхшаш буюм билан тушган суратлари бўлган. Шунингдек, унда Москвадаги «Сарицино» музей-қўриқхонасидан олинган фотосуратлар ва инглиз тилида «Мен жой топдим» деган ёзув келтирилган. Ўсмир Telegram’даги «неонацистик канал»га обуна бўлган ва оммавий қотилликлар ҳақида маълумот излаган. Гап айнан қайси канал ҳақида кетаётгани номаълум.
Қозоғистонда давлат тўнтаришига уринишда гумонланиб 10 киши ушланди
Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида экстремистик гуруҳ тузиш ва мамлакатда давлат тўнтариши режалаштиришда гумон қилинган 10 киши қўлга олинди. Гуруҳ аъзолари мамлакатнинг ғарбий ҳудудида конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришни режалаштирган. Қўлга олиш амалиёти 30-октябр куни прокуратура органлари назорати остида, судгача бўлган тергов доирасида ўтказилган. Гумонланувчилар экстремистик гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, унинг фаолиятида қатнашиш, терроризмни тарғиб қилиш ҳамда диний адоватни қўзғатишда айбланмоқда.
Қўлга олинганларнинг уйларида ўтказилган тинтув чоғида ўқотар қуроллар, гиёҳванд моддалар, диний буюмлар ва адабиётлар олиб қўйилган. Шунингдек, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган учта яширин таълим маркази фаолияти тугатилди. Ушланганларнинг баъзилари илгари терроризм ва бошқа жиноятлар учун судланган. Тергов манфаатлари нуқтаи назаридан бошқа маълумотлар ошкор этилмади.
Матбуот «душманлари»
Трамп, Путин, Эрдоған ва Тўқаев матбуот эркинлигининг «душманлари» рўйхатига киритилди. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти 2026-йилда матбуот эркинлигига энг катта таҳдид солаётган 33 нафар шахс ва ташкилотдан иборат рўйхатни эълон қилди.
2-ноябр — Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан эълон қилинган рўйхатга АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам киритилди. Трампнинг иккинчи президентлик даврида журналистларга босим кучайган, ОАВга нисбатан ҳужумлар сиёсий баёнотлардан амалий чекловларга ўта бошлаган. АҚШ 2026-йилги матбуот эркинлиги индексида 64-ўринда қайд этилган.
Рўйхатга киритилганлар орасида Россия президенти Владимир Путин, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳамда америкалик тадбиркор Илон Маск кирди.
Шунингдек, рўйхатдан Хитой Коммунистик партияси, Исроил армияси, Россиянинг Роскомнадзор идораси, Meta ва Alphabet корпорациялари ҳам ўрин олган.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев рўйхатга киритилган. У журналистлар ва ОАВга нисбатан асоссиз суд ишларини қўзғатиш орқали босим ўтказиш билан боғлиқ «Ҳуқуқ» тоифасига жойлаштирган.
Ташкилот матбуот эркинлигига таҳдидларни беш йўналишга ажратган: сиёсий босим, куч ишлатиш, ҳуқуқий таъқиб, иқтисодий таъсир ва жамиятда журналистларга нисбатан нафрат уйғотиш. Айтилишича, матбуот эркинлигига қарши ҳаракатлар ортида аниқ шахслар ва ташкилотлар туради. Уларнинг кимлигини ва журналистларга босим ўтказиш усулларини ошкор қилиш ушбу рўйхатнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Ташкилот мазкур рўйхат расмий жиноий айблов ёки суд ҳукми эмас, балки журналистикага қарши ҳаракатларни кўрсатувчи танқидий антирейтинг эканини қайд этган.
Америкада мусулмон сенатор бўлишига қарши чиқишди, лекин у уддалади
Мичиган Сенат назоратини белгилайдиган штатлардан бири бўлгани учун Абдул Ал-Саид республикачиларнинг асосий нишонига айланди. Ҳужумлар икки йўналишда кечмоқда. Биринчиси — унинг қарашлари, айниқса Исроил масаласидаги позицияси. Ал-Саид Исроилга ҳарбий ёрдамни тўхтатишни ёқлайди, Ғазодаги урушни эса «геноцид» деб атаган. Бу ва бошқа прогрессив қарашлари сабаб республикачилар уни «радикал» деб тасвирлайди. Бу мавзу орқали улар демократикларнинг анъанавий тарафдорлари — яҳудий сайловчиларни ҳам оғдиришга уринди.
Иккинчи ва энг кўп баҳс уйғотган йўналиш – унинг эътиқоди. Трамп сўнгги ҳафталарда Ал-Саиднинг мусулмонлигини бир неча бор нишонга олган, жумладан, уни иккинчи исми билан «Муҳаммад» деб атаган. Октябр бошида Truth Social’да у Ал-Саидни «радикал экстремист, террорчиларга хайрихоҳ» деб ёзганди.
25-октябрда Мичигандаги митингда Трамп янада кескин гапириб, «Мен бу ерга жиҳодчи, “Мусулмон биродарлар” аъзосининг АҚШ сенатори бўлишига йўл қўймаслик учун келдим», деди. Унинг сўзларига кўра, Ал-Саид «Сенатга киритилишидан олдин металл детектордан ўтишга мажбур бўладиган ягона сенатор бўлади».
Сайлов кампанияси давомида унга қарши республикачилар ва турли сиёсий лобби гуруҳлари томонидан миллионлаб доллар маблағ йўналтирилган. Унинг номзодини қоралаш, сиёсий обрўсига путур етказиш ва реклама кампаниялари орқали йўлини тўсиш учун жуда катта маблағ сарфланган.
Абдул Ал-Саид йирик корпорациялар ва сиёсий ҳаракат қўмиталарининг (PAC) катта миқдордаги молиявий ёрдамларидан расман воз кечган. У ўз кампаниясини оддий халқнинг кичик хайриялари ҳисобидан молиялаштириб, йирик молиявий тизимлар таъсирига тушмаслигини исботлаган.
Ал-Саиднинг ғалабаси аввало тарихий воқеа бўлди: Вакиллар палатасида мусулмон аъзолар бор, бироқ Сенатга шу пайтгача бирорта мусулмон сайланмаган.
Сиёсий жиҳатдан бу ўрин демократикларнинг Сенатни қўлга олиш режаси учун ҳал қилувчи. Демократлар Трампнинг қолган икки йилида унинг қонун ташаббусларини тўхтатиши ва тайинловларини тасдиқламаслиги мумкин. Ал-Саид сиёсатда корпоратив пулларни тақиқлаш, давлат ҳисобидан ҳамма учун тиббий суғурта, миллиардерлар бойлигига солиқ ва арзон уй-жойни ваъда қилмоқда.





