Logo

Қозоғистон нима учун Ўзбекистон билан божхона келишувига муҳтожлиги айтилди

Икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2026-йил 29 фоизга ўсиб, 3,7 миллиард долларга етди. Мамлакатлар чегара тўсиқларини бартараф этиш орқали уни уч баравар оширмоқчи.

Қозоғистон нима учун Ўзбекистон билан божхона келишувига муҳтожлиги айтилди © informburo.kz

Қозоғистон Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажмини яқин вақт ичида 10 миллиард долларга етказмоқчи. Бунинг учун икки давлат божхона хизматларининг бир-бири ҳудудида ваколатхоналарини очишга келишиб олди. Улар тадбиркорларга ёрдам беради ва товарларни чегарадан олиб ўтишда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал қилишга кўмаклашади. Бу ҳақда Қозоғистон молия вазири Мади Такиев Қурултойдаги брифингда маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 миллиард долларни ташкил этган. Жорий йилнинг январ–сентябр ойларида эса бу кўрсаткич 29 фоизга ўсиб, 3,7 миллиард долларга етган.

«Олдимиздаги вазифа — яқин вақт ичида ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш. Бунинг учун ваколатхоналар очиш бўйича келишув имзоладик. Улар маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга амалий ва назарий ёрдам кўрсатиб, савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади», — деди Такиев.

Божхона ваколатхоналари товарларни чегарадан олиб ўтишда юзага келадиган муаммоларни тезроқ ҳал қилишга ёрдам беради. Бу орқали маҳсулотларни чегарадаги ўтказиш пунктларида узоқ вақт ушланиб қолишининг олдини олиш кўзда тутилган. Ваколатхона ходимлари қўшни давлатдаги ҳамкасблари билан бевосита иш олиб бориши мумкин бўлади.

Қозоғистон Қурултойи икки давлат ҳукуматлари ўртасида божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини икки ўқишда қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2027-йилдан Ўзбекистонда божхона тўловлари, имтиёзлар ва экспорт йиғимлари бўйича янги тартиблар жорий этилади. Ягона божхона тўлови 20 фоиз этиб белгиланади, айрим йиғимлар камаяди ва расмийлаштириш жараёнлари соддалаштирилади.

Teglar

Mavzuga oid