Қозоғистонда 2-3 йил ичида учар таксиларни ишга туширмоқчи

Bugun 09:322 daqiqa

Автомашинада бир ярим соатлик йўл энди 15 дақиқа олади: Қозоғистонда илк квадропортлар қурилади.

Қозоғистонда 2-3 йил ичида учар таксиларни ишга туширмоқчи

Қозоғистон ҳукумати яқин 2-3 йил ичида Олмаота, Олатов ва Қўнаев шаҳарлари ўртасида учувчисиз учар таксилар (аэротакси) тармоғини ишга туширишни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасидаги дастлабки синов парвозлари жорий йилнинг ўзида бошланиши кутилмоқда.

Парламент палаталарининг қўшма мажлисида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Қанат Бўзумбаев мазкур транспорт тизими тафсилотларини маълум қилди. Лойиҳани амалга ошириш учун АҚШнинг «Joby Aero» ва Хитойнинг «AutoFlight» компаниялари жалб этилган.

2025-йилнинг ноябрида Қозоғистон томони «Joby Aero» компанияси билан 300 миллион долларлик вертикал учиб-қўнувчи электр аппаратларини (eVTOL) харид қилиш бўйича келишувга эришган эди. Ҳозирда ушбу Америка компанияси техникаларига 15 йиллик навбат шакллангани қайд этилган.

Тезлик ва қамров кўрсаткичлари

Аэротаксилар ажратилган йўналишлар бўйлаб тирбандликларсиз, соатига 300-350 км тезликда учади. Олмаота вилояти, Олатов ва Олмаота шаҳарлари ўртасидаги парвоз ҳавода 10-15 дақиқа вақтни олади (бу масофани машинада тиғиз вақтда босиб ўтишга одатда бир ярим соат сарфланади).

Ҳаво таксилари орқали сайёҳлар Медеу тоғ кластери ва Қопчиғай соҳилларига тезкор етиб бориши мумкин. Йўналишдаги кутилаётган сайёҳлар оқими йилига 8 миллион кишини ташкил этади. Шаҳарлар транспорт тармоғига интеграция қилинадиган махсус учиш-қўниш нуқталари — квадропортлар қурилади.

Экспериментал режим

Олмаотадан 47 км масофада жойлашган янги Олатов шаҳри Хитойнинг Шенчжен шаҳридан кейин аэротаксиларни 120 метрдан юқори баландликда синовдан ўтказиш рухсат этилган дунёдаги иккинчи, Хитойдан ташқаридаги эса биринчи маконга айланади.

Мазкур тизим ишлаши учун Олатов шаҳрида сунъий интеллект, дронлар, роботлаштирилган тизимлар ва автоном транспорт воситаларини қатъий қонунчилик чекловларисиз синаб кўришга имкон берувчи махсус экспериментал ҳуқуқий режим жорий этилади.

Шаҳарни президент фармони билан тузиладиган ва бош вазир раислик қиладиган Кенгаш бошқаради. Бунда мамлакатнинг жиноят, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ва конституциявий нормалари ўзгаришсиз қолади.

Teglar

Mavzuga oid