Қозоғистонда илк бор учар такси парвози амалга оширилди

Bugun 12:552 daqiqa

Марказий Осиёда биринчи марта «eVTOL» технологиясига асосланган учар такси синовдан ўтказилди. Лойиҳа транспорт тирбандлигини камайтириш ва шаҳарлар ўртасидаги қатновни тезлаштиришга қаратилган.

Қозоғистонда илк бор учар такси парвози амалга оширилди © alatau.city

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида электр қувватида ишлайдиган «eVTOL» учар таксиси илк синов парвозини амалга оширди. Синов «Alatau City» ҳудудида ташкил этилди ва бу бутун Марказий Осиёдаги биринчи шундай тажриба сифатида қайд этилмоқда.

Лойиҳага сарфланган маблағ

Вилоят ҳокими Марат Султоноғозиев маълум қилишича, лойиҳани амалга ошириш учун 250 миллион доллар сармоя жалб қилинган. Унинг таъкидлашича, мамлакат глобал технологик ўзгаришларни кузатувчи эмас, балки уларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.

Учар такси ҳусусиятлари

Янги аэротакси соатига 200 километр тезликка чиқа олади ва бир марта қувватланиш орқали 200 километргача масофани босиб ўтади. Қурилма бир нафар учувчи ва беш нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, 13 та электр двигатели билан жиҳозланган.

«Бошқа транспорт турларига нисбатан қурилма анча паст овозда ишлайди ва карбонат ангидрид газини чиқармайди. Хавфсизлик талабларига мувофиқ, биринчи синов парвози йўловчиларсиз амалга оширилди», дейилади ҳокимлик хабарида.

«eVTOL» аппаратлари учун махсус вертипорт — вертикал учиш ва қўниш майдончалари қурилмоқда. Бундай инфратузилма бинолар томи, транспорт марказлари ва бизнес ҳудудларида жойлаштирилиши мумкин. «Alatau City» ҳудудида биринчи вертипорт қурилиши аллақачон бошланган.

Дунё бўйлаб йўловчи ташувчи аэротаксилар ҳозирча синов босқичида қолмоқда. Қозоғистонда мазкур хизматни 2029 йилга қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Аввалроқ «Joby Aviation» компанияси Дубайда ўзининг «eVTOL» туридаги ҳаво такси синов парвозларини муваффақиятли амалга оширган эди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳам учар таксиларни жорий этиш режалари мавжуд. «Air Tashkent» ва «Samson Sky» ўртасидаги келишувга кўра, 2028–2030 йилларда мамлакатга Switchblade rusumidagi uchar таксилар олиб келиниши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid