Қозоғистонда шакар ишлаб чиқариш кескин қисқарди
2026-йил биринчи чорагида Қозоғистон шакар заводлари атиги 9,5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 баробар кам кўрсаткич ҳисобланади.
© boevan.comҚозоғистонда шакар ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасайди. 2026-йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, мамлакатдаги шакар заводлари атиги 9,5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 баробар камдир, деб хабар берди «Orda.kz».
Қайд этилишича, маҳаллий шакарнинг ички бозордаги улуши 28,2 фоиздан 7,1 фоизгача тушиб кетди. Бозор эҳтиёжининг қолган 93 фоизи импорт ҳисобига қопланмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатдан 30 минг тоннадан ортиқ шакар экспорт қилинган. Бу ички ишлаб чиқариш ҳажмидан уч баробар кўп. Мутахассислар фикрича, экспортнинг катта қисми импорт қилинган шакарни қайта экспорт қилиш ҳисобига тўғри келган бўлиши мумкин.
Ички бозорда шакар савдоси ҳам қисқариб, 30,5 фоизга камайган ва 104,6 минг тоннани ташкил этган.
Сабаб нима?
Муаммонинг асосий сабабларидан бири қанд лавлаги етиштириш майдонларининг қисқариши бўлди. 2025-йилда экин майдонлари 25 минг гектардан 17,8 минг гектаргача, яъни 29,1 фоизга камайган. Ҳосил эса 42,1 фоизга қисқариб, 734,7 минг тоннани ташкил этган.
Бозор иштирокчилари янги биржа савдоси қоидаларидан ҳам норози. Уларнинг таъкидлашича, клиринг марказлари орқали мажбурий ҳисоб-китоблар жорий этилиши заводларнинг айланма маблағларига бўлган имкониятларини чекламоқда.
Қозоғистон савдо ва интеграция вазирлиги эса бу ўзгаришлар мамлакатда шакар тақчиллигига олиб келмаганини билдирган. Таҳлилчилар ҳам бу фикрга қўшилган, аммо шакар етишмовчилиги маҳаллий ишлаб чиқариш барқарорлиги туфайли эмас, балки импорт орқали қопланганини таъкидлаган.
Шакар саноатида беқарорлик
Сўнгги йилларда мамлакат шакар саноатида беқарорлик кузатилмоқда. 2022 йилда ишлаб чиқариш рекорд даража – 281,8 минг тоннага етган бўлса, кейинчалик пасайиш бошланган. 2025-йилда маълум даражада тикланиш кузатилганига қарамай, импортнинг бозордаги улуши ўсишда давом этган.
Ҳозирча шакар нархларида кескин сакраш қайд этилмаган. Январ–апрел ойларида маҳсулот ўртача 6,5 фоизга қимматлашган. Бироқ ҳудудлар кесимида вазият турлича: Олмаота шаҳрида шакар нархи 14,4 фоизга ошган бўлса, Павлодар вилоятида аксинча 4,2 фоизга арзонлашган.





